"Андижон" ҳам Суперлигани "ёндирадими" ёхуд Рўзиқул Бердиев "Насаф"нинг мағлубиятига тўғри ташхис қўйган ўйин ҳақида
Бу йилги футбол мавсуми бошқача бошландими-а? Суперлиганинг стартидаги натижалар кўпчиликнинг тахминини оқламаяпти. Илк турданоқ сиз-у, бизга шундай ўйинлар тақдир этиляптики, жорий чемпионатда Суперлига жозибаси буткул бошқача кўринишда ўтадигандек, гўё.
Аввалига амалдаги чемпион “Пахтакор” ўз уйида “Олимпик” клубига 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бу ёқда эса водий жамоалари “ёндиришяпти”. “Нефтчи” Бекободда жавобсиз учта гол урди. “Навбаҳор” эса Наманганда “Қизилқум”га жавобсиз 3 та гол урди. Ҳаммадан ҳам “Андижон”нинг Қаршида кимсан “Насаф”дек кучли рақиб устидан ғалаба қозонганига нима дейсиз?!
Суперлигага қайтишини “Андижон” “Мавсум-2023”да супер ғалаба билан бошлади. Ўйинни бевосита стадионда кузатиш орқали етарлича тасаввурларга эга бўлдик. Бу Қаршидаги янги футбол мавсумининг очилиш учрашуви бўлгани сабабли Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳам стадионга келди ва очилиш маросимида нутқ сўзлаб иштирокчиларга омад тилади ва айниқса, бу йил “Насаф”дан чемпионлик кутишини алоҳида таъкидлади.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйинга яхши ташхис қўя олди. Яъни, у учрашув “Андижон”нинг режаси асосида ўтганини айтди ва у бу гапни гапирганида ҳақ эди. Рақиб устози Александр Хомяков бу ўйинда ютди. Унинг тузиб чиққан режаси амалда иш берди. “Насаф” билан ўйинда, боз устига Қаршидаги стадионда ким ҳам очиқ футбол ўйнай олади? Хомяков эса энг тўғри ва ақлли йўлни танлади. Шунда ҳам “Андижон” кучли рақибга қарши муносиб ўйин кўрсатди. Айниқса, қарши ҳужумларда ўз имкониятини кутди ва бунга эришди ҳам. “Насаф” эса ўзи яратган имкониятларидан фойдалана олмади. Меҳмонлар дарвозабони Элдор Адҳамовнинг ажойиб ўйини ва сейвлари “Андижон”нинг ғалабасида муҳим омил бўлди.
Ҳимояда тартибли ҳаракат, тўп билан муомала қилиш ва курашларда фаоллик кўрсатиш каби сифатларда ҳам “Андижон” анча ўзгарганини кўриш мумкин. Бу тарихий ғалаба бўлди. Шу пайтгача мазкур клубларнинг ўзаро ўйинлардаги статистикасида катта устунлик “Насаф” тарафида бўлган. Бунга қадар “Андижон” Қаршида фақат бир марта – 1999 йилги мавсумда ғалаба қозонган. Ўшанда 1:2 ҳисоби қайд этилган. 2007 йилда эса жанговар 4:4 натижаси кузатилганди. Орадан 24 йил ўтганидан сўнг “Андижон” жамоаси “Насаф” майдонидан ғалаба билан қайтди.
Хомяковнинг топқирлиги ҳам иш берди. Унинг захирадан майдонга туширган ўйинчилари ўзини оқлади. Охирги дақиқаларда “Насаф”нинг ҳужуми муваффақиятсиз чиққач, меҳмонлар дарҳол қарши ҳужумга отланди. Албаниялик легионер Рубин Хебай тўпни эгаллаши заҳоти қанот бўйлаб олдинга ҳаракатланаётган Сардор Абдунабиевга узатди. Тезкорлик билан олдинга қараб югурган ушбу ўйинчидан кўпчилик тўпни Хебайга қайтаради, деб турган бир вазиятда, ўзи қанотдан кириб келаётганига қарамасдан оралиқ масофа анча узоқ бўлса-да, аниқ, кучли зарба йўллай олди ва дарвозабон бу тўпни қайтаришга ожизлик қилди. Абдунабиев эса голини Андижондан келган ишқибозлар билан биргаликда нишонлади. Бундай голга очиғи қандай таъриф беришни ҳам билмай қоласан, киши. Ҳақиқатан, “Андижон” ўйин давомида сабр қилди ва имкониятини кутди. Якунда бунинг учун муносиб рағбатлантирилди. Абдунабиев “Андижон”нинг мавсумдаги илк голи муаллифига айланди.
“Андижон”нинг ушбу ғалабаси аввало бош мураббий учун аталди. Чунки 5 март санасида Александр Андреевич ўзининг 54 ёшини қарши олмоқда. Жамоа эса бош мураббийнинг туғилган кунига ”Насаф” устидан қозонилган тарихий ғалабани совға қилди. Мураббий учун бундан ортиқ зўр совға бўлмайди. "Андижон" 2015 йилдан буён илк бор мавсумни ғалаба билан бошлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар