“Андижон” футбол клуби футболчиси Фарҳод Мирахматов Coca Cola Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган “Андижон” – “Сўғдиёна” учрашувида иккита сариқ карточка олиб, қизил карточка билан майдондан четлатилган эди.

Натижада, футболчи навбатдаги тур учрашувини ўтказиб юбориши кераклиги белгиланган бўлса-да, у U-21 биринчилигининг 20-тури доирасидаги “Бунёдкор U-21” – “Андижон U-21” учрашувида ўйиннинг асосий таркибида иштирок этди.  Бу билан “Андижон” футбол клуби Профессионал футбол клублари учун 2020 йилги мусобақалар регламентининг 9.19-бандини бузди. Унда қайд этилганидек, агар жамоа ғалаба қозонса ёки дуранг ўйнаса, унга техник мағлубият ёзилади ҳамда ЎФА Интизом кодексига мувофиқ жарима солинади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

“Андижон U-21” жамоаси мазкур беллашувда мағлуб бўлганлиги сабабли учрашув натижаси (голлар, огоҳлантириш ва четлатишлар) ўз кучида қолди ва ЎФА Интизом кодексининг 5.34, 5.47-бандларига асосан “Андижон” футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)