"Андижон" клубига янги бош директор тайинланди ёхуд йилнинг энг яхши футболчиси ва фан-клуб вилоят ҳокими томонидан муносиб эътироф этилди
Жорий йилдаги футбол мавсуми ниҳоялаб боряпти. Про лигада яна битта тур қолди ва шу билан жамоалар танаффусга чиқиб кетадилар. Биласиз, “Андижон” клубига 16 ноябрь куни “Хоразм”га қарши учрашувдан сўнг про лига Кубоги топширилди.
Суперлига масаласини муддатидан илгари ҳал қилиб қўйган жамоа аллақачон янги мавсум режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу борада вилоят ҳокими ўзи фаоллик кўрсатиб, клубни қўллаб-қувватламоқда. Мавжуд қарздорликларнинг барчаси бартараф этилди.
Шунингдек, “Андижон” клуби учун байрам дастурхони ёзилди. Шаҳардаги “Balzak” ресторанида ташкил қилинган тадбирда мураббийлар, футболчилар, клуб ходимлари, мухлислар, вилоят футболи раҳбарлари ва албатта Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
Шуҳратбек Қўшоқбоевич, яна бир бор жамоа аъзоларини ажойиб муваффақият билан табриклаб, янги мавсумда ҳам янги режалар ва янги мақсадлар сари олдинга дадил қадам босиш муҳимлигини таъкидлади. Вилоят ҳокими жамоа аъзолари билан учрашувда яна бир айрим масалаларга ҳам ойдинлик киритиб ўтди. Жумладан, “Андижон” клуби раҳбариятида ўзгариш кузатилди ва бош директори сифатида Улуғбек Мирзаевни таништирди.
“Андижон” футбол клубининг янги бош директори – Улуғбек Абдусатторович Мирзаев ҳақида маълумот бериб ўтадиган бўлсак, аксар мухлислар ушбу мутахассисни яхши билишади. 1978 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Ҳаётини футболга бағишлагани боис бу йўналишда қатор изланишлар амалга ошириб келмоқда. Масалан, ҳозирги вақтда Тошкент давлат иқтисодиёти университетида Ўзбекистон футбол клублари бюджетини такомиллаштириш йўналишида илмий изланиш олиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Бунга қадар эса 1999 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини, 2001 йилда Тошкент молия институтининг давлат молиясини бошқариш йўналишида магистратурани битирган. Ҳамманинг хабари бўлса керак, охирги иш жойи Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бўлиб, у ерда бир неча йил давомида бош директор сифатида самарали фаолият кўрсатиб келди. Эндиликда “Андижон” жамоасида иш бошлади. Лекин жамоа унинг учун бегона ҳисобланмайди. Сабаби илгари ҳам “Андижон” клубида фаолият олиб борган.
Шу ўринда “Андижон” футбол клуби президенти сифатида ишлаган Журъатбек Қувватов хусусида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. 2020 йилнинг августида жамоани қабул қилиб олган хусусий тадбиркор ўтган вақт давомида футбол учун қўлидан келган барча ишни қилди. Эски қарздорликларни бартараф этди, стадион реконструкция қилинди ва номи “Бобур Арена”га ўзгартирилди. Бўстон даҳасидаги болалар футбол мактабида жамоа учун база қурилди. Бир сўз билан айтганда, “Андижон”нинг Суперлигага қайтиши учун меҳнат қилди. Шу сабабли Журъатбек Қувватовга амалга оширган ишлари учун миннатдорчилик билдирcа арзийди.
Ёдингизда бўлса, яқинда клуб расмий канали орқали йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун сўровнома ўтказилди. Унда жамоа сардори ва етакчиси Илдар Маматказин энг кўп овоз тўплаган ҳолда “Андижон”нинг 2022 йилги мавсумдаги энг яхши футболчиси дея эътироф этилди. Эътиборлиси, вилоят ҳокими шахсан ўзи Маматказинни йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилганини эълон қилган ҳолда уни табриклади ва мукофот сифатида уй совға қилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ашаддий мухлисларни ҳам алоҳида эътироф этиб ўтди. Айниқса, Нодирбек Тўйчиев бошчилигидаги фан-клуб яна бир бор алоҳида мавзуга айланди. Барча яхши биладики, жамоанинг фан-клуби Ўзбекистонда мухлислик қилиш бўйича биринчи рақамлиси ҳисобланади. Ҳар ўйинда янгидан-янги баннерлар, перформанслар яратиб стадиондаги муҳитнинг жозибадорлигини ошириб келмоқдалар. "Андижон"нинг муваффақиятида шубҳасиз Тўйчиев бошчилигидаги мухлисларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Уларнинг жўшқинлигини, фаоллигини яхши билиб турган вилоят ҳокими ушбу байрамона тадбирда Нодирбек Тўйчиев бошчилигидаги фан-клубга “Tracker” машинасини совға қилди.
Шу тариқа, байрамона тадбир чиройли тарзда ўтказилди. Олдинда "Бургутлар"ни 21 ноябрь куни про лиганинг сўнгги тури доирасида сафарда “Турон”га қарши учрашув кутиб турибди. Виктор Кумиков бошчилигидаги футболчилар бўлажак баҳсга тайёргарликни бошладилар.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар