"Андижон" назорат ўйинида 5 та гол урди. Таркибда янги футболчилардан кимлар бор?
Ёзги йиғинини Тошкентдаги Дўрмон спорт қароргоҳида олиб бораётган “Андижон" режага кўра илк ўртоқлик учрашувини про лига вакили Нукуснинг “Арал” жамоасига қарши ўтказди.
Беллашувга тўхталишдан аввал мухлисларни қизиқтираётган таркибдаги ўзгаришларга бироз тўхталиб ўтмоқчимиз. Хабарингиз бор, "Андижон" ҳозирча расман Вагиз Галиулин билан шартнома имзолаган бўлиб, у ҳозирда машғулотларда иштирок этмоқда. Бундан ташқари, таркибда яна бир қатор янги ўйинчилар ҳам бор ва улар айни пайтда кўрикдан ўтмоқдалар. Жумладан, қозоғистонлик 19 ёшли иқтидорли ярим ҳимоячи Нуримбет Абинур, “Сурхон”ни тарк этган ҳимоячи Азиз Пирмуҳаммедов, ОКМКдан ҳимоячи Жаҳонгир Фозилов ва ака-ука Диёр ҳамда Бахтиёр Тожиевларни айтиш мумкин. “Арал”га қарши ўйинда мураббийлар барча янги ўйинчиларни синовдан ўтказдилар. Шунингдек, йиғинда “Андижон” ўринбосарлар жамоасидан Саидмурод Каримов ва Шохжаҳон Ёрқинбоев ҳам жалб қилинган.
Бевосита ўйинга келсак, барчаси "Андижон" мураббийларининг назорати остида ўтди ва бир қатор олдиндан ўйлаб қўйилган режалар амалга оширилди. Дастлабки гол ҳужумчи Саидмурод Каримовнинг ҳисобига ёзилди. Иккинчи голда эса захирадан майдонга тушган Фарҳод Соҳибжонов ўзининг ажойиб паси орқали қозоғистонлик Нуримбет Абинурни қулай вазиятга чиқарди. Ўз навбатида ушбу ўйинчи бундай имкониятдан усталик билан фойдаланиб қолди.
Қолган голлар танаффусдан кейин киритилди. Мураббийлар иккала бўлимда ҳам захирадан футболчиларни майдонга туширишди ва режага биноан барча ўйинчиларга имконият берилди. Барча жабҳада фаол ўйин кўрсатган "Бургутлар" учинчи голни чиройли комбинация орқали киритдилар. Илҳом Абдуғаниев, Фарҳод Бекмуратов, Бектемир Абдуманнонов комбинация орқали рақиб жарима майдони ичига кириб бордилар ва унинг якуний нуқтасини Лука Згурский қўйди ҳам ҳисобни йириклаштирди.
Тиниб-тинчимас Фарҳод Бекмуратов эса жамоасининг бошлаган ҳужумини ажойиб гол билан якунлади. У жарима майдони ичига кирмасдан ўзининг аниқ ва кучли зарбаси билан дарвозабонни ожиз қолдирди. Ўйинга нуқта қўйган охирги гол Бектемир Абдуманнонов ҳисобига ёзилди. Биз асосан голли вазиятларга тўхталдик. Булардан ташқари, яна бир қанча ҳолатларда футболчилар голли имкониятлардан фойдалана олмадилар. Ўз навбатида иккала бўлимда майдонга тушган дарвозабонлар ҳам жамоани голлардан сақлаб қолдилар. Шу тариқа, “Андижон” ёзги йиғиндаги илк ўртоқлик учрашувида “Арал”ни 5:0 ҳисобида таслим қилди.
“Андижон” жамоаси режага кўра йиғинини давом эттирмоқда. Машғулотлар кунига икки маҳалдан олиб бориляпти. Таркибда яна айрим ўзгаришлар юз бериши мумкин. Шундай экан, жамоага қўшилиб, шартнома имзолайдиган ва тарк этадиган ўйинчилар борасида тез орада расмий маълумотлар бералади. “Бургутлар”нинг навбатдаги ўйини эса 20 июль куни “Қизилқум”га қарши бўлиб ўтади.
“Андижон” – “Арал” – 5:0 (2:0).
16 июль. Тошкент. “Дўрмон” спорт қароргоҳи.
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Ислом Азимов, Шерзод Аъзамов
“Андижон” жамоасининг бошлағич таркиби: Моҳир Комилов, Ислом Маматказин, Жаҳонгир Фозилов, Азиз Пирмуҳаммедов, Абдураҳмон Комилов, Шохжаҳон Ёрқинбоев, Шерзод Эсанов, Муҳаммадкарим Тоиров, Рустам Турдимуродов, Нуримбет Абинур, Саидмурод Каримов.
Захирадан майдонга тушганлар: Шахром Самиев, Фарҳод Соҳибжонов, Абдулвоҳид Ғуломов, Вагиз Галиулин, Максим Сарраф, Илҳом Абдуғаниев, Фарҳод Бекмуратов, Диёр Тожиев, Леван Арвеладзе, Илҳом Алижонов, Сардор Азимов, Илдар Маматказин, Лука Згурский, Бахтиёр Тожиев.
“Арал” жамоасининг бошланғич таркиби: Шохжаҳон Насимов, Бекзод Ахмеджонов, Анвар Файзуллаев, Расул Мусаев, Нархон Шерипов, Шамсиддин Саъдуллаев, Аъзам Алиев, Иззат Абдулхаков, Иззат Қуттибоев, Азиз Умирбеков, Арслан Юсупбаев.
Голлар: Саидмурод Каримов, Нуримбет Абинур, Лука Згурский, Фарҳод Бекмуратов, Бектемир Абдуманнонов.
Фикрлар