"Андижон"нинг Анталиядаги ишлари беш...
Айни пайтда Суперлигамизнинг аксарият клублари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқдалар. Бу нафақат Ўзбекистон клублари, балки бошқа мамлакат жамоалари учун ҳам чемпионатга тайёргарлик кўришда ҳар томонлама жуда қулай маскан. Меҳмонхоналар, майдонлар, рақиблар, қўйингки, қулай шароитлар борасида муаммо йўқ.
Ўзбек жамоалари орасида “Андижон” ҳам Анталияда машғулот бошлаганидан хабарингиз бўлса керак. 27 январь куни “Насаф” ва “Сўғдиёна” билан бир самолётда парвоз қилган жамоа аъзолари режага биноан кунига икки маҳалдан машғулотларни бошлаган. 5 юлдузли “Asteria Kremlin Palace” меҳмонхонаси шундоққина Ўрта Ер денгизи ёнида жойлашган.
Бош мураббий Александр Хомяковнинг ўзи ҳам ишга ва натижага чанқоқлиги ҳар бир ўтказилаётган машғулотлар жараёнида сезилиб турибди. Ўз ўрнида бу футболчиларнинг иштиёқида ҳам намоён бўляпти. Анталия йиғини “Андижон”нинг янги мавсумга тайёргарлиги давомидаги энг ҳал қилувчиси саналади. Айниқса, бунда ўтказиладиган назорат ўйинлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Режа бўйича “Андижон” бу ерда 7 та ўртоқлик ўйинини ўтказади. Дастлабки беллашуви 31 январь кунига белгиланган бўлиб, Руминиянинг “Чиксереда” жамоаси спарринг-рақибга айланади. 3 февралда Россиянинг “Факел” клубига қарши ўйин ҳам бор. Билсангиз керак, “Факел” премьер-лига иштирокчиси. Шунингдек, 12 февралда “Велес” (Россия) ҳамда “Самтредиа” (Грузия), 15 февраль кунига “Родина” (Россия) клубига қарши ўйинлар режалаштирилган. Бундан ташқари, яна бошқа хориж клублари билан назорат учрашувлари ўтказилиши мўлжалланган. Бу каби ўйинларда мураббийлар учун жамоа ўйинини ўзлари истаган даражада шакллантириб олиш ва футболчиларнинг ўзаро бир-бирларини яхши тушуниб олишлари жуда муҳим.
Мухлисларни таркибдаги ўзгаришлар қизиқтириши аниқ. Анталия йиғини давомида клубга янги футболчилар қўшилиши кутилаётганди. “Андижон” матбуот хизмати хабар берганидек, уч нафар легионерлар – дарвозабон Игорь Литовка (Украина), ярим ҳимоячилар – Леван Арвелдазе (Украина) ва Нодари Кавтарадзе (Грузия) жамоа машғулотларида иштирок этишни бошлашган. Қолаверса, яна янги легионерлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Уларни жамоа аъзолари жуда илиқ қарши олдилар ва машғулотларда ҳам ўзларини эркин ҳамда қулай ҳис қилмоқдалар. Маълумотларга қараганда, “Андижон”га Лотин Америкасидан, аниқроғи аргентиналик тўпурар ҳужумчи келиши кутилмоқда.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Андижон”нинг ҳар бир позициясига сифатли легионерлар таклиф қилиниши режалаштирилган. Тожикистон терма жамоаси ва “Истиқлол” клуби етакчиси бўлган ҳимоячи Ахтам Назаров ҳам “Бургутлар”нинг йиғинига қўшилади. Бир неча йиллар мобайнида Тожикистон миллий терма жамоаси сардори сифатида фаолият олиб борган, халқаро тажрибага эга бўлган ҳимоячи эртага Душанбедан Анталияга етиб келади ва “Андижон”нинг йиғинига қўшилади.
Қолаверса, Тошкентнинг “Локомотив” клубида тўп сурган иқтидорли ҳимоячи Дилшод Комиловга ҳам “Андижон”дан жиддий қизиқиш бўлди ва музокаралар деярли ижобий якун топди. Билсангиз, Комилов “Локомотив” билан бирга Анталия йиғинида қатнашаётганди. Энди у “Андижон” истиқомат қилаётган меҳмонхонага жойлашади.
Клуб селекция ишларини яна давом эттиряпти. “Пахтакор” ва АГМКдан ҳам футболчилар “Андижон”да пайдо бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Масалан, “Пахтакор” сафида тўп сураётган истеъдодли ярим ҳимоячи Диёр Холматовга қизиқиш бор. АГМКдан эса ҳужумчи Миржаҳон Мираҳмадовнинг “Андижон”га ўтиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу борада воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Эътиборлиси, клуб Анталияда янги футболчилар билан шартнома имзолаш жараёнини омма олдида ўзига хос тарзда ўтказишни режалаштирган.
Хуллас, “Андижон” жамоасининг Анталиядаги ишлари беш! Ўқув-машғулотлар ва селекция ишлари режа асосида давом этяпти. Ўз олдига қўйган жиддий мақсади сари интилаётган клуб Туркиядан янада кучли жамоа сифатида қайтиб келса бундан ажабланманг.
Фикрлар