Анхель Лопес: "Ўзбек футболи учун қандайдир янгилик олиб кира оламан"
Бу йил юртимизда илк бор мураббийлик қилиш имкониятига эга бўлган испаниялик Анхель Лопесни мухлислар эслаб қолишди, деб ўйлаймиз. Биринчи марта шу йилнинг февраль ойида “Сурхон” клубига келган ва бош мураббий сифатида ишга киришган мутахассис чемпионат ярмидан кейин ўзи истамаган ҳолда истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Тўғри, испаниялик мураббийнинг жамоадаги натижалари унчалик ўхшамади. Хоҳлайсизми-йўқми, ҳар қандай мураббийнинг иши натижа орқали кўринади. Бироқ Лопес ўзи тузмаган жамоа билан ишга киришиб, айниқса тактик услубларининг ўзгачалиги билан мураббий сифатида нимадир борлигини кўрсатиб кета олди.
Агар ҳаммасини бошидан ўзига бажариш имконияти яратиб берилса, унинг жамоаси қандай кўринишга келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Унга ҳам юртимизда ишлаш ёқиб қолганини мураббий бир неча бор ўз интервьюларида ҳам таъкидлагани ёдимизда турибди. “Сурхон”дан кетганидан кейин Лопес ҳозирча бирор клубни қабул қилиб олгани йўқ. Sports.uz журналисти испаниялик мутахассис билан боғланди.
- Жаноб Лопес, айни пайтда вақтингизни қандай ўтказяпсиз?
- Ҳозирда дунё бўйлаб саёҳат қиляпман. Янги услубларни кўздан кечиряпман, футбол машғулотларидаги янги методларни кўряпман. Ҳозирча, Италия, Испания, Англия ва Грецияда бўлдим ва топ-клубларнинг ўйин услубларини таҳлил қилиб чиқяпман.
- Ўзбекистонга қайтиб ишлаш ниятингиз борми?
- Албатта, менга яна Ўзбекистонда ишлаш имконияти берилса жуда ёққан бўларди. Бу ердаги футбол даражаси жуда ҳам юқори. Тўлақонли аминманки, ушбу давлат футболчи учун нимадир кўрсата оламан, қандайдир янгилик олиб кира оламан.
- Сир бўлмаса, юртимиздан хизматингизга таклифлар бўляптими?
- Ҳозиргача Ўзбекистондан бирорта жиддий таклиф олмадим.
- Жаҳон чемпионатини кузатиб бораётгандирсиз. Сиз учун фаворит ким ва қайси жамоаларнинг ўйини сизга манзур келяпти?
- Менинг энг севимли жамоам, албатта маълумки, бу Испания. Лекин Осиё ва Африка термаларининг жуда яхши ўйин кўрсатаётганликлари яхши жиҳатдан сюрприз бўляпти. Яхши тайёргарлик кўриб келгани кўриняпти. Дунёнинг бошқа жамоаларига қарши ўзларини ажойиб кўрсата олишяпти. Шу пайтгача 7 та давлат жамоаларини бошқаришга муваффақ бўлганман. Европадан ташқарида ҳам футбол ривожланаётганини кўришдан халқаро мураббий сифатида жуда хурсандман.
- Юртимиздан кетгач, собиқ клубингиз – “Сурхон”ни кузатдингизми?
- “Сурхон”га энг яхши тилакларимни тилаб қоламан. Умид қиламанки, улар 2023 йил учун кучли лойиҳа туза олишади. Ушбу клубда ишлаш мен учун жуда яхши тажриба бўлди. “Сурхон” оиласига ўзимнинг катта миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар