Анзур Исмоиловга "Сепахон", шунингдек, Хитой ҳамда Таиланд клублари ҳам жиддий қизиқишмоқда
Мавсумни «Локомотив» жамоасида якунлаган тажрибали ҳимоячи Анзур Исмоиловнинг темирйўлчилар билан тузган шартномаси ниҳоясига етгани боис унинг янги мавсумни бошқа клубда ўтказиши борасида турли гап-сўзлар тарқалгани ҳам бежиз эмас.
Аслида чемпионат якунланмасидан олдиноқ унга «Пахтакор» томонидан жиддий қизиқиш бўлаётгани ва катта эҳтимол билан Исмоиловнинг янги мавсумни «Шерлар» сафида ўтказиши айтилаётганди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Анзурга биргина «Пахтакор»дан жиддий таклиф келиб тушмаган.
Маълум бўлишича, унга Эроннинг етакчи клубларидан бири саналган «Сепахон» ҳам даъвогарлик қилмоқда. Эронликлар футболчимизга тайёр шартномани таклиф қилмоқдалар. Шунингдек, футболчимизга Хитой ҳамда Таиланднинг етакчи клублари ҳам қизиқиш билдиришаётганини айтиш жоиз.
Бундай маълумотлар асосли ва буни Анзур Исмоиловнинг ўзи ҳам тасдиқлаб ўтди. Бироқ тажрибали ҳимоячи ҳали бир қарорга келгани йўқ. Аммо ўзининг айтишига қараганда, фаолиятини хорижда ўтказишдан кўра кўпроқ ўзимизнинг чемпионатда тўп суришни маъқул кўрмоқда. Демак, у билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Тез орада sports.uz сайтида Исмоилов билан ўтказилган мулоқот шаклидаги мақолани ўқишингиз мумкин ва унда футболчи барча масалага батафсил тўхталиб ўтган.
Фикрлар