АПЛнинг энг зўр мураббийларидан бири “Челси” бошқаришга рози
Жорий мавсум якунланиши билан “Борнмут” бош мураббийлигини тарк этишини маълум қилган Андони Ираола “Челси”да ишлашга қизиқиш билдирмоқда.
Ираола апрель ойидаёқ “Борнмут” бошқарувини топширишини айтганидан кейин клуб раҳбарияти унинг ўрнига тезда бошқа мутахассис топди. Кейинги мавсумга жамоани германиялик мураббий Марко Розе тайёрлаши кутилмоқда.
Ираоланинг ўзи ҳозирча фаолиятини қаерда давом эттиришини билмаслигини айтган, аммо журналист Фабрицио Романо маълум қилишича, Андони Премьер-лигада қолишни истайди ва муносиб бош мураббий қидираётган “Челси”дан таклиф кутяпти.
“Челси” эса ишдан бўшатилган Лиам Росеньор ўрнига доимий мураббий изламоқда. Маълумотларга қараганда, “аристократлар” раҳбарияти Ираоланинг фаолиятини юқори баҳолаб келади.
Ҳозир “Борнмут” Премьер-лигада еттинчи ўринда бормоқда, “Челси”дан бир очко олдинда ва клуб тарихидаги рекорд – 14 ўйиндан бери мағлуб бўлмаяпти.

Фикрлар