АПЛнинг етакчи клуби «Милан» юлдузига кўз тикди
«Милан» жамоасининг флангда ҳаракат қилувчи ҳужумчиси Рафаэл Леау фаолиятини Англия премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, 26 ёшли португалиялик футболчига «Манчестер Юнайтед» жиддий қизиқиш билдирган. «Милан» Чемпионлар лигасига йўл ола олмаганидан сўнг клуб молиявий вазиятни яхшилаш мақсадида вингер бўйича таклифларни камайтирилган нархда кўриб чиқишга тайёр экани айтилмоқда. Эҳтимолий трансфер қиймати 50 миллион евро атрофида бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Ўтган мавсумда Леау барча мусобақалар ҳисобга олинганда 31 та ўйинда майдонга тушди, 10 та гол урди ва 3 та голли пас берди.
Ҳужумчининг «Милан» билан амал қилаётган шартномаси 2028 йилнинг ўрталаригача мўлжалланган.

Фикрлар