АҚШлик промоутерлар юртдошимизни алдаган эдими?
АҚШ да бир қатор боксчиларимиз профессионал фаолиятини муваффақиятли давом эттирмоқдалар. Улар орасида мағлубият билмай келаётганлари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, Хуршидбек Норматов ҳам профи рингда барча рақибларини мағлубиятга учратиб келмоқда. Ҳамюртимиз, ҳаваскор боксда ҳам ўзига хос ижобий натижаларни қайд эта олганди. Биз ушбу чармқўлқоп устаси билан боғланиб, океан ортидаги ҳаёти, профи боксдаги фаолияти билан қизиқдик…
Sports.uz маълумоти.
Хуршидбек Норматов 1992 йил 15 апрелда Андижон вилояти Чинобод шаҳрида таваллуд топган. Биринчи мураббийи, Зиёйиддин Тайғонбоев. Ҳаваскор боксда беш карра Ўзбекистон чемпиони. 2013 йил бўлиб ўтган Бутунжаҳон Универсиадаси вице-чемпиони. Профессионал боксда 8 тажанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Рақибларини уч маротаба нокаутган учрата олган. Ҳозирда, Нью-Йорк штати Бруклин шаҳрида истиқомат қилади.
Ҳамюртимиз ёлғон қурбони бўлганмиди?
- Беруний бобомиз кашф қилган қитъадаги ҳаёт қандай кечмоқда?
- Яратганга шукр! Ҳаммаси яхши.
- Адашмасам, янги промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қилаётган экансиз?
-Ҳа, ҳозирда “Debilla Entertainment” билан биргаман.
- Аввалгиси ҳақида маълумот берсак ҳам яхши бўларди?
- “Fight Promotion” эди.
- Нима сабаб бўлди янгиси билан ҳамкорлик қилишга?
- Асосий сабаб, ёлғон ишлатишганида бўлди. Дастлаб, 2016 йили ушбу промоутерлик ташкилоти билан шартнома туздик. Ўша вақтлар биз профи бокснинг икир-чикирларига яхши тушунмасдик. Бу борада тажрибаси бор инсонларга кўрсатганимда, ажойиб шартнома, зўр экан дейишди.
Аслида, менга Франция ва Япониядан ҳам яхшигина таклифлар бор эди. АҚШни танлашимга асосий сабаб, акам шу ерда ишлаб, истиқомат қилиши ҳамда профессионал бокс оламида ушбу юртнинг тутган ўрнини инобатга олгандим. Шартнома тузишдан аввал катта-катта ваъдалар беришганди.
Бу ерга келганимда эса, у даражада қулай эмасди. Қолаверса, гонорар масаласида ҳам алдовлар бўлди. Шундай бўлсада, улар ташкил этган учта жангда ринга чиқдим. Ваъдалар эса амалга ошмаётганди. Шундан сўнг, уларга қўйиб юборишларини айтдим. Шартномани бекор қилишга ҳам бир йил вақт кетди. Бу вақт орасида бирорта жанг ўтказа олмадим. 2017 йил Ўзбекистонга келиб, янгидан хужжат тайёрлаб, ҳозирги промоутерлик компанияси билан ҳамкорликни бошладим.
Деонтей Уайлдер билан бир промоутерлик компаниясидами?
- Умуман олганда “Debilla Entertainment”нинг имконияти, рейтинги қай даражада ёхуд қайси машҳурлар мазкур ташкилот шафэлигида жанглар ўтказади?
- Имкониятлари жуда яхши,рейтинги ҳам юқори. Деонтей Уайлдер, Жо Уильямс, Сергей Деревянченко, Феликс Диаз жуда кўп бундай юлдузлар. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов ҳам ушбу промоушен билан ҳамкорлик қилади.
- Баҳодир Санкт-Петербургда машғулотлар олиб боради шекилли?
- Шунчаки, унинг менежерлари россияликлар.
Мексикалик боксчиларнинг кучли томони нимада эканлигини биласизми?
- Шартнома бандлари нималардан иборат яъни ҳозир сиз фақат бокс хақида ўйлайсизми ёки тирикчилик учун бошқа бирор иш билан ҳам шуғуллансизми. Чунки, шундай тарзда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас?
- Фақат бокс ҳақида ўйлайман. Қолган барчасини менежерим хал қилади.
- Мана АҚШ да яшаб, фаолият юритаяпсиз. Табиийки, мексикалик, АҚШлик профессионал боксчиларни бевосита кузатиш, улар билан яқиндан мулоқот учун имкониятлар бўлаётгандир. Айтингчи, нима учун улар профи боксда юқори натижаларни қайд эта оляпти. Уларнинг бизникилардан фарқи ёки устунлик жихатлари нимада?
- Шахсан уларнинг хеч қандай устунлиги йўқ деб ўйлайман. Мексикаликларни чидамли эканлигини айтишим мумкин.
Профессионал боксга ўтиб кетишининг сабаби Бектемир Мелиқўзиев билан боғлиқмиди?
- Профессионал боксга ўтиб кетишингизнинг асосий сабаби, ўзбек ҳаваскор боксида айнан сизни вазн тоифангизда Бектемир Мелиқўзиевнинг пайдо бўлганига боғлашади?
- Йўқ. Бу истак “Украина атаманлари” таркибида ярим профессионал турнирларда иштирок этганимдан кейин пайдо бўлган.
- Келинг, “Украина атаманлари” сафидаги хотираларни ёдга оламиз. Ўша кубалик машҳур Арлен Лопесни айнан ушбу “Украина атаманлари” сафидаги мусобақада нокдаунтга учратган эдингиз. Янглишмадимми?
- Ҳа, ўшанда биринчи раундда уни йиқита олгандим. Ўзини йўқотиб қўйганди.
- Хасанбой Дўстматовни таъкидлашича сизни ва ўзининг юксалишида ушбу Украина клубининг хизмати катта бўлган экан. Сиз бу борада қандай фикр билдира оласиз?
- Албатта. Хасанбой жуда тўғри айтиб ўтган. Бизнинг ушбу клубдаги фаолиятимиз кейинги муваффақиятларимизга сабабчи бўлган деб мен ҳам бемалол айта оламан.
- Биламизки, 75 кг вазн тоифасида сиздан кейин Бектемир Мелиқўзиев, Исроил Мадримовларлар биринчи рақам бўлиб, ҳаракат қилишди ва ажойиб натижаларни қайд эта олишди. Нима деб ўйлайсиз, балки бироз профессионал боксга ўтишга шошилгандирсиз?
- Бундай деб ўйламайман. Аввалдан башорат қилиш қийин. Ризқ-насибамиз шу ерда экан. Омадимизни шу ердан қидиряпмиз. Омад баъзиларга эрта, баъзиларга эса кеч бўлсада келади.
Қаҳрамонимизга Океан ортида қандай ном беришган?
- Одатда, боксчиларни яна бирор ном билан аташ табиийдек холатга айланган. “Темир Майк”, “Оқ Тайсон” “Пекмен” каби. Балки, сизни ҳам бу ерда қандайдир номларингиз бордир ?
- Шунчаки Норматов деб аташади :).
- Ҳозирда, сизга устозлик қилаётган мураббийлар ўзбек бокс ихлосмандларини қай томонлама хайрон қолдира олади?
- Гарри Старк ва Андре Рози қўл остида машғулотлар олиб бораяпман. Ушбу мураббийлар борасида фақат илиқ фикрлар билдиришим мумкин. Хайрон қолдирадиган томонларини сўз билан ифода эта олмайман. Бунинг учун,улар қўл остидаги машғулотларда иштирок этиш зарур. Шунчаки, Даниэль Жейкобс, Маркус Браун, Ричард Коммей ва Сергей Дерявянченколарни жангларга тайёрлаганлигини айта оламан.
Андижон боксидаги оғриқли холатларга изох берди.
- Ҳаваскор боксчиларимизнинг натижаларини кузатиб бораяпсизми?
- Албатта. Уларнинг ҳар бир ютуғидан фахрланаман.
- Лекин Андижон бокси аввалги салохиятини йўқотаётгандек таассурот уйғотмаяптими. Чунки, ҳозирда терма жамоага эътибор қаратсангиз, Хасанбой Дўстматов вазнини 52 кг га кўтаргандан сўнг, термада яққол биринчи рақамли Андижон бокси вакили қолмади?
- Бунга аниқ бир сабабни кўрсата олмайман. Бироқ, Ўзбекистоннинг турли бурчакларида боксга бўлган иштиёқ, қизиқиш кучайган. Барча вилоятларда ривожланиш бўлмоқда. Ҳар бир сохада ҳам бироз пасайиш юзага келади. Айнан шундай холатлар кейинчалик юқори ютуқларни қўлга киритишга сабаб бўлади. Ишонаман, Андижон бокс мактаби яна етакчилар қаторига қайтади. Чунки, тажрибали мураббийлар фаолият олиб бораяпти. Истеъдодли ёшлар тарбия топмоқда. Бу омиллар албатта ўз мевасини беради.
Америкаликларнинг қаришни истамаслиги борасидаги фикрлари...
- Қўшма штатларда фаолият олиб бораётган спортчиларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади. Қолаверса, истиқомат қилаётганлар ҳам бисёр. Балки, ўзаро “гап-гаштак” ёки чойхоналар пайдо бўлгандир?
- Тўғриси, бу ерда барча ўз иши билан овора. Лекин Нью-Йоркка келган дўстларимиз билан кўришиб турамиз.
- Бу заминда нимага кўника олишингиз қийин кечмоқда?
- Биринчи келганимда жуда кўп холатларда қийналардим. Ҳозир эса барчаси изига тушиб кетган.
- Америкаликларни қайси жиҳатига қойил қолдингиз?
- Биласизми, бу ердагиларнинг бир жиҳати жудаям ёқади. Мисол учун, Ўзбекистонда 50 ёшдан ошса бўлди, қариликни бўйнига олади. Америкаликлар эса, 60-70 кирса ҳам спорт мажмуаларига боришни канда қилмайди. Доимо, ҳаракатда, нимагадур интилади. Бўлди ёшим ўтди деб, тўхтаб қолишмайди.
- Навбатдаги жангингиз қачон бўлиши кутилмоқда?
- Насиб қилса, 29 августда режалаштирилмоқда.
- Рақиб аниқми?
- Йўқ.
- Негадир матбуотда, инетрнет оламида кам кўриниш берасиз?
- Сизга ўхшаб, фаолиятимизга қизиқиш билдирадиганлар камда. Ўз-ўзимни реклама қилиб чиқа олмайманку… :)
- Лекин реклама, “пиар” спортчи учун мухим жараёнку. Қолаверса, шундай қилаётганлар кўплаб топилади?
- Ҳамманинг ҳаракатери ҳар-хилда. Негадир бундай нарсаларга интилмайман.
Хуршидбек блиц саволларга ҳам жавоб берди.
Қоида эса, боксчилардан бирини танлашдан иборат.
- Василий Ломаченко ёки Тимоти Бредли?
- Ломаченко.
- Мигел Готто ёки Рафаэл Маркес?
- Маркес.
- Заб Жудда ёки Шейн Мосли?
- Шейн Мосли.
- Феликс Тринидад ёки Бернард Хопкинс?
- Албатта, Хопкинс.
- Александр Ковалёв ёки Артур Бетербиев?
- Аслида иккаласи ҳам ёқади. Бетербиев бўлақолсин.
-Александр Усик ёки Мурат Гассиев?
- Усик. Аслида Гассиев ҳам ёқади.
- Олег Маскаев ёки Виталий Кличко?
- Кличко.
- Майк Тайсон ёки Руслан Чагаев
- Албатта. Руслан ака.
- Мухаммад Али - Жо Фрезер
- Шубҳасиз, Мухаммад Али.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди.
Фикрлар