Арбелоа ёрдамга “Реал”нинг собиқ сардорини чақирди
Англия Премьер-лигасида ишлари кутилганидек кетмаётган “Фулхэм” Испаниянинг “Реал” клуби собиқ ҳимоячиси Дани Карвахални таклиф қилишдан манфаатдор экани маълум бўлди.
Ўтган ёзда “Фулхэм” клуби “Реал”нинг собиқ бош мураббийи Алваро Арбелоани тайинлаган ва бу мутахассис Мадриддан Гонсало Гарсия, Сесар Паласиос ва Мануэль Анхелни ҳам Лондонга олиб келган эди.
Ҳозир эркин агент мақомида бўлган Карвахал ҳам Арбелоага жуда яхши таниш. Арбелоа бошқараётган жамоа Премьер-лиганинг янги мавсумини омадсиз бошлади — дастлабки учта ўйиннинг барчасида мағлуб бўлиб, уларда еттита гол ўтказиб юборди.
TEAMtalk маълумотига кўра, ҳозир Карвахал янги клуб изламоқда. 34 ёшли испаниялик футболчининг вакиллари унинг хизматларини “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити”га таклиф қилган. Шу билан бирга, “Фулхэм” ветеранни таркибига қўшиб олишга тайёрлигини аллақачон тасдиқлаган.
“Фулхэм”дан ташқари, Карвахалга Европанинг турли клублари, Саудия Арабистони ва МЛС жамоалари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Қайд этиш жоизки, ўнг қанот ҳимоячиси сифатида фаолият юритадиган Карвахал сўнгги 13 йилни “Реал”да ўтказди. У мадридликлар сафида олтита Чемпионлар лигаси кубоги жумладан, жами 26 та совринни қўлга киритди.

Фикрлар