"Арсенал" бурчак зарбасидан 16-голини урди ва лига рекордини такрорлади

Англия Премьер-лигасининг 28-турида "Арсенал" "Челси" дарвозасига бурчак зарбасидан мавсумдаги 15 ва 16-голларини киритди.

Микель Артета шогирдлари Лондон дербисида 21-дақиқада ҳисобни очди. Букайо Сака бурчак зарбасини узоқ устун томон йўналтирди. У ерда Габриэл Магальяэс боши билан тўпни ҳимоядаги шериги Вильям Салибага узатди. Франциялик футболчи зарба берди, тўп Мамаду Саррага тегиб, дарвоза чизиғидан ўтиб кетди. Гол Салиба номига ёзилди.

66-дақиқада яна бир бурчак зарбаси самара берди. Деклан Райснинг узатмасидан сўнг ва дарвозабон Роберт Санчеснинг хатосидан фойдаланган ҳолда Юрриен Тимбер тўпни тўрга киритди.

Шу тариқа, "Арсенал" жорий мавсум чемпионатда бурчак зарбасидан урилган голлар сонини 16 тага етказди ва лига рекордини такрорлади. Бунгача "Олдхэм" (1992/93), "Вест Бромвич" (2016/17) ва "Арсенал" (2023/24) бир мавсумда 16 тадан гол урган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!