"Арсенал" осиёлик футболчини шошилинч сотиб олмоқчи
«Арсенал» қишки трансфер ойнасида «Бавария» марказий ҳимоячиси Ким Мин Жэни олиб келиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Лондон клубининг бу қарорга қизиқиши Пьеро Инкапьенинг жароҳати билан боғлиқ. У «Лидс»га қарши АПЛнинг 6-тури баҳсидан сўнг ўтказилган қизиш машғулоти пайтида шикаст олган.
Жамоа бош мураббийи Микель Артетага кўра, колумбиялик ҳимоячи бир неча ҳафта майдонга туша олмайди. Аниқ муддатлар ҳозирча белгиланмаган, шу боис «Арсенал» қишда ҳимоя чизиғини кучайтириш вариантларини ўргана бошлаган.
Ким Мин Жэ номзоди муҳокамаларга «Наполи»да у билан бирга ишлаган, ҳозирда эса «Арсенал» тизимида фаолият юритаётган Маурицио Микели орқали кириб келгани айтилмоқда. У Жанубий Корея терма жамоаси ҳимоячисини яхши билади ва клуб ичида унинг имкониятлари бўйича маълумот берган.
Шу билан бирга, «Бавария» раҳбариятида Кимни сотиш масаласида ягона фикр йўқ. Бир томондан, мюнхенликлар трансфердан тушадиган маблағни ўз таркибини янгилаш ва бошқа позицияларни мустаҳкамлаш учун ишлатиши мумкин. Иккинчи томондан, Ким ўрнига кўрилаётган Хироки Итонинг тез-тез жароҳат олиши немис клубини жиддий хавотирга солмоқда.
Яна бир омил — Ким Мин Жэнинг ўйинидаги хатолар. Унинг баъзи муҳим ўйинларда йўл қўяётган камчиликлари Премьер-лига каби юқори суръат ва босим талаб қиладиган чемпионатга қай даражада тайёр экани борасида саволлар туғдирмоқда.
Шу сабабли, мутахассислар қишки трансфер амалга ошиш эҳтимолини жуда паст деб баҳоламоқда. Ҳозирча эса «Арсенал» мавсумни ишончли бошлади: жамоа АПЛдаги дастлабки олти ўйиндан бештасида ғалаба қозонди, Чемпионлар лигасида эса икки ўйиннинг иккаласида ҳам зафар қучди. Улар орасида «Лилль» устидан 3:0 ҳисобидаги йирик ғалаба ҳам бор.

Фикрлар