"Арсенал" Винисиусга қизиқмоқда
Мадриднинг «Реал» жамоасида ҳужум чизиғида тўп суриб келаётган Винисиус Жуниор фаолиятини Англия чемпионатида давом эттириши мумкин. Бразилиялик футболчига Лондоннинг «Арсенал» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри журналисти Дэвид Орнштейн хабар берган.
Манбага кўра, ҳозирча «канонирлар»нинг қизиқиши дастлабки босқичда. Лондон клуби Винисиусни сотиб олиш имкониятларини ўрганаётгани айтилмоқда. Шу билан бирга, ушбу ғоя Англиянинг амалдаги чемпиони раҳбариятининг барча даражаларида қўллаб-қувватлангани таъкидланади.
Вазиятнинг қай тарзда ривожланиши эса «Реал» ва футболчи ўртасидаги шартномани узайтириш бўйича музокараларга боғлиқ бўлади. Винисиуснинг амалдаги шартномаси яна бир йилдан сўнг якунланади.
Винисиус 2018 йилдан буён мадридликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Бразилия терма жамоаси вингерининг бозор қиймати 140 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар