"Арсенал" юз миллион евролик трансферни ҳал қилди
«Арсенал» клуби «Астон Вилла» ҳужумкор футболчиси Морган Рожерс трансфери бўйича музокараларни фаол давом эттирмоқда. Бу ҳақда Sky Sports журналисти Саша Тавольери хабар берди.
Манба маълумотига кўра, икки жамоа вакиллари доимий мулоқотда бўлиб турибди. Суҳбатлар ижобий руҳда ўтмоқда ва томонлар келишувга яқинлашиб бормоқда. Лондон клуби футболчининг ўзи билан шахсий шартнома бўйича асосий бандларни аллақачон келишиб олган. Янги битим 2031 йил июнига қадар мўлжалланаётгани айтилмоқда.
Маълумотларга қараганда, 23 ёшли англиялик футболчи бу ёзда «Арсенал» сафига ўтиш истаги борлигини «Астон Вилла» раҳбариятига расман етказган. Бу қарор музокаралар суръатини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Бирмингем клуби Роджерсга ўринбосар топиш ишларини бошлаб юборган. Жамоа раҳбарияти унинг кетиши тобора реал эҳтимолга айланаётганини яхши англамоқда.
Манбага кўра, келаси ҳафтада томонлар яна бир неча учрашув ўтказишни режалаштирган. Уларда битимнинг қолган барча жиҳатлари бўйича якуний келишувга эришиш кўзда тутилган. Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, трансфер умумий қиймати тахминан 100 миллион евро атрофида бўлиши мумкин. Бундай сумма Рожерснинг ўтишини жорий ёзги трансфер ойнасидаги энг йирик битимлардан бирига айлантиради.

Фикрлар