Артур Бетербиев ва Дмитрий Бивол жанги борасида ўзбек бокс юлдузлари нима дейди?

Хабарингиз бор, куни кеча профессионал бокснинг ярим оғир вазн тоифасида WBC,WBO, IBF чемпиони Артур Бетербиев британ боксчиси Каллум Смитни 7-раундда техник нокаутга учратиб, ўзининг 20 –ғалабасини қўлга киритганди. Айнан ушбу ғалабадан сўнг, аввалдан янграб келган яна бир россиялик WBA чемпиони Дмитрий Бивол билан жанг борасидаги гап-сўзлар жуда авжига чиқди ва катта эҳтимол билан улар ўртасидаги тўқнашув содир бўлиши мумкин. Биз ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек бокс олами юлдузларининг фикри билан қизиқдик.

Элшод Расулов: - Агар, бу жанг ташкил қилинса, катта эҳтимол билан бу яқин орада рўй бермайди. Иккаласида ҳам шанс яхши. Мен иккиси билан ҳам ҳаваскор боксда дуч келганман. Уларнинг ҳам ўзига яраша тактикаси бор. Бетербиев “қаттиқ” ва ҳужумкор боксчи, фақат босим қилади. Бивол қарши ҳужумда жуда яхши ҳаракат қилади. Масофани яхши хис қилади. Тўғриси, бирини устун дейиш қийин. Ким охирги вазиятда жисмонан ва руҳан тайёр бўлса, ўша ғалаба қозонади.

Расулов

Қудратилло Абдуқаҳҳоров: - Бу жанг жуда ҳам қизиқарли бўлади. Иккиси ҳам жуда кучли боксчилар. Аввало, ҳаммаси яратганни изми билан бўлади. Бу бокс ва унда битта зарба ҳал қилиб қўяди. Лекин мен Бетербиевга мухлислик қиламан. Унинг жанг қилган кечаларда мен ҳам рингга кўтарилганман. Назаримда Бетербиев ғалаба қозонади.

қудратилло

Исроил Мадримов: - Албатта, жуда қизиқ ва чиройли жанг бўлади. Иккиси ҳам яхши даражадаги боксчи ва буни ҳар доим намойиш қилиб келишган. Бивол 12 раундга кучини тенг тақсимлай билади ва тактикасини ўтказа олади. Биволни танлаган бўлардим. Имкониятларни 60/40 дея баҳолайман.

мадримов

Ҳасанбой Дўсматов: - Менимча бу жангни барча кутяпти. Албатта, икки бир-бирига мос боксчилар. Имкониятларни баҳолайдиган бўлсак, Биволда устунлик кўпроқ. Оёқлари яхши ишлайди. Анчагина ақлли бокс намойиш этади. Қолаверса, Бетербиевдан ёш. Бетербиевнинг биргина устун жиҳати зарба кучида холос, деб ўйлайман. Бу жангда Биволнинг ғалаба қозониш имконияти юқори.

Ҳасанбой

Баҳодир Жалолов: - Тўғриси, Бивол дўстим бўлади, битта жамоадамиз. Унга мухлислик қиламан. Бивол масофада яхши ишлайди. Лекин бу бокс. Чунки Артур Бетербиевнинг ҳам зарбаси кучли ва яхши боксчи. Қизиқарли жанг бўлади. Барибир Биволга мухлислик қиламан. Бивол масофада яхши ишласа, Бетербиев яқин масофада ажойиб ишлайди ва зарбаси ҳам кучли. Бетербиев ҳаваскор боксда Усиклар билан жанг қилган. Мен ҳар иккиси билан гаплашганман. Бетербиев билан Саудияга кетишда аэропортда анчагина суҳбатлашдим. Ажойиб инсон. Иккисини ҳам омадини берсин. Мен ҳар доим айтаман, боксда олдиндан бир нима деб бўлмайди. Вазни катта битта хато ҳам қимматга тушиши мумкин. Жошуани ҳам Энди Руисдан нокаутга учрашини хеч ким кутмаганди. Олдиндан бирор тахмин қилиш қийин.

Жалолов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!