Ашурматовни истеъфога чиқаришдан олдин етти ўлчаб бир кесинг ёхуд у кетганидан сўнг клублар қандай аҳволга тушганини биласизми?

Бу йил юртимизда Ўзбек футболининг 110 йиллик юбилей тўйи нишонланган пайтда футболимизнинг ватани – “Қўқон-1912” клубининг Суперлига билан хайрлашгани мухлисларини қаттиқ ранжитди. Клубда қилинган ўзгаришлар ҳам афсуски ижобий ўзгаришни бермади.

Масалан, бош мураббий ҳам ўзгартириб кўрилди. Иккинчи даврадан Даврон Файзиевга ишонч билдирилди. Бироқ “Қўқон-1912”ни Суперлигада сақлаб қолиш унинг қўлидан келмади. Ундан олдин ишлаган Бахтиёр Ашурматовга ишини охиригача етказиб қўйиш насиб этмади. Балки клубда қолганида вазият бу даражага етиб келмаган бўлармиди?!

Ашурматов икки мавсум давомида “Қўқон-1912”ни Суперлигада рақобатбардош даражада ушлаб келди. Айтайлик, ўтган йилни 8-ўрин, 2020 йилда эса 5-поғонада тугатишди. Аслида бу йил ҳам режалар бошқача эди. Майли, бўлар иш бўлиб ўтди. Энди ортга қайтаришнинг иложиси йўқ. Биз эса эътиборингизни бир қизиқ жиҳатга қаратмоқчимиз. Бахтиёр Аъзамович мураббий сифатида бир қатор жамоаларни бошқаришга улгурди. Гап шундаки, Ашурматов кетганидан кейин ўша клублардаги вазият яхши томонга ўзгармаган ва якунда клуб зўрға элитада жон сақлаб қолган ёки про лигага тушиб кетаверган. Сўз исботи билан деганларидек, бунга фактлар орқали тўхталиб ўтишимиз ҳам мумкин.

ашурматовбахтиёр_3

2016 йилда “Андижон”га бош мураббий бўлиб келган мазкур мутахассис катта режа ва мақсадлар билан ишга киришди. Лекин биринчи давра тугамасидан раҳбарият тарафидан истеъфога чиқарию юборилди. Оқибатда бундан жамоа зарар кўрди. Чунки  “Андижон” якунда қуйи лигага тушиб кетди. “Бухоро” клубида ишлаганида ҳам жамоани қийин вазиятда қабул қилиб олганини билардик. Аммо у ерда ҳам Ашурматовга узоқ ишлаш насиб қилгани йўқ. Кейинчалик “Бухоро” кучлилар сафини тарк этган.

Наманганнинг “Навбаҳор”ини ҳам бошқарган кезларида маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозона олганди. Сал қолса, Бахтиёр Ашурматовнинг кетиши клуб учун қимматга тушиши мумкин эди. Аммо қийинчилик билан бўлса-да, “Навбаҳор”ни элитада сақлаб қолишган. Бахтиёр Аъзамович ишлаб кетган клублари кейинчалик қийин вазиятга тушиб қолгани юзасидан атрофлича тўхталди ва шундай деди:  

ашурматов2_4

“Ростдан ҳам ишлаган жамоаларимда кетганимдан кейинги ҳолатларни эслаб чиқсам, ишдан кетишим ҳар доим ҳам мен кетган жамоа учун фойдали бўлмаган экан. 2014-2015 йилларда “Навбаҳор”да меҳнат қилганимда жамоанинг бюджети жуда ҳам кам бўлганди. Жамоа юқори ўринлар учун курашадиган рақобатбардош эди. Мен ишдан кетганимдан кейин 2016 йилги мавсумда “Навбаҳор”нинг бюджети салмоқли бўлди. Лекин “Навбаҳор” олий лигада фақат ўтиш ўйинлари орқалигина жон сақлаб қолди. 2016 йилда “Андижон”да фаолият олиб борганимда ҳам бюджет кам эди. Бироқ яхши жамоа тузишга муваффақ бўлгандик. Раҳбар билан келишмовчилик туфайли ишдан бўшагандим. Ўша йили жамоа пастки лигага тушиб кетган.

2018 йили АГМК билан Ўзбекистан Кубогини қўлга киритиб Осиё Чемпионлар лигасига чиқишга муваффақ бўлгандик. Раҳбарлар Осиё Чемпионлар лигасида яхши қатнашиши учун мени ишдан бўшатишди. 2019 йили АГМК Осиё Чемпионлар лигасида 4:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Чемпионатда эса 2019 йилги мавсумда бюджети медаллар учун курашишга етарли бўлса-да, олий лигада қийинчилик билан жон сақлаб  қолди.

ашурматов6_1

Бундан ташқари, “Бухоро”да ишладим. 2018 йилги мавсум учун жамоанинг 6 млрд қарзи бор эди. Клуб раҳбари Шуҳрат Қўзиевич билан қарзларни ёпдик, қийинчилик билан таркиб йиғдик. Таркибга Асадбек Собиржонов, Достон Ибрагимов, Иван Нагаев, Саломат Қуттибоев каби футболчиларни жалб қила олдик. Жамоадаги айрим инсонларнинг сабрсизлиги туфайли у ердан кетдим. Лекин ишдан кетган пайтимда АГМК, “Қўқон-1912” каби бир нечта клублардан олдинда эдик. Кейинчалик “Бухоро” ҳам Суперлигадан тушиб кетди. Айтмоқчи бўлганим шуки, ҳар доим ҳам мураббийларни тез ишдан бўшатилиши натижа келтиравермайди.

Қўқонда ҳам катта бюджет бўлмаса-да, яхши жамоа тузгандик. 2020 йилги мавсумида 5-ўрин, 2021 йилги мавсумда 8-ўринни қўлга киритдик. 2021 йилги мавсумдан кейин асосий таркибнинг 8 ўйинчиси жамоани тарк этишига қарамасдан яхши таркиб туза олдик. Аммо “Қўқон-1912”да ҳам афсуски мураббий ўзгариши яхши натижа келтирмади. Таркибда Қувондиқ Рўзиев, Мурод Холмуҳаммедов, Жавоҳир Сидиқов, Шохназар Норбеков, Санъат Шихов, Ойбек Рустамов, каби ажойиб футболчилари бор “Қўқон-1912” жамоаси Про лигага тушиб кетди. 1-даврадан кейин ҳам ишдан кетганимда кўнглим хотиржам эди. Чунки жамоани Про лигага тушиб кетишини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим. Яхши таркиб бор эди, 2-даврада раҳбарларнинг саъй-ҳаракатлари билан ойлик ва мукофот пуллари ҳам вақтида бериб борилди. Шу сабабли “Қўқон-1912” жамоасини Про лигага тушиб кетганига жуда ачиндим. Чунки бу таркиб мавсум бошида жуда қийинчилик билан йиғилганди. Кучли футболчилар бор эди. Раҳбарларни эътибори яхши эди. Шу сабабли Қўқон жамоасини пастки лигага тушиб кетганига ва мухлисларга ачиндим. 1-даврада кам очко йиғганимиз учун менда ҳам айб бор. Шу боис қаердадир жамоа мухлислари ишончини оқламаган бўлсам улардан узр сўрайман. Ўйлайманки, “Қўқон-1912” жамоаси бир мавсумнинг ўзида Суперлигага қайтади. Мени фикрим ва ҳаёлим ҳозир фақат ва фақат “Турон” билан ўз мақсадларимизга эришиш ҳамда жамоа раҳбарлари, мухлисларини ишончини оқлашга қаратилган. Худо хоҳласа, йигитлар билан бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз”, - дейди Ашурматов.

ашурматов4_1

Ҳа, мураббий собиқ клубининг про лигага равона бўлганидан хафа. Озми-кўпми, “Қўқон-1912”га ҳиссаси текканди. Даврон Файзиев бош мураббийлик вазифасини эгаллагач, жамоа ўйинида нимадир ўзгаргандек эди-ю, аммо бу ҳолат сира натижаларда акс этавермади. Майдонда минг чиройли ўйин кўрсатишга уринганинг билан лекин натижа бўлмас экан, барча меҳнатинг бекор! “Қўқон-1912” кўп ўйинларда очко йўқотди, айниқса, ғалабасиз сериялар ҳаддан ортиқ чўзилиб кетди. Ёмон ўйин кўрсатиб туриб ғалаба қозонса, айнан шу нарса ёдда қолади. Чунки натижа доим эсланади, ўйин эмас. Балки Бахтиёр Ашурматов қолганида вазият бу даражага етиб бормасмиди, деймизу, лекин энди буларни гапиришдан маъно йўқ. Фақат шуни айтишимиз мумкин: Ашурматовни истеъфога чиқаришдан олдин етти ўлчаб бир кесинг!

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
20/11/2022 18:45
Бахтиёр Ашурматов УФА харомхурларига нима учун ёкмас экан билмадиму АГМКни купчиликка танитиб куйгач крахабор М. Косимовга командани уйялмасдан утказиб юборишди , мана яна АГМК Осиё уйинларида катнашади ва нимага эришар экан , узбекни номард футбол крахабор бизнесменлари Бахтиёр Ашурматовни тинчрок ишлашига озгина имкон беринглар Баба ва косиомовдан аклли ва инсофли йигит виждонсиз УФА крахлари биламиз сизларга Узбек футболи эмас пули керак пулга кумилиб улгурлар