Асрор Алиқулов: "Футболчилар мукофот пуллари учун ҳам ўйнашади"

Про лиганинг 6-турида “Машъал” ўз майдонида “Хоразм”ни қабул қилди ва 4:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди. Йирик ҳисобдаги ғалабадан сўнг “Машъал” бош мураббийи Асрор Алиқулов саволларга жавоб қайтарди.

- “Хоразм” жамоаси кўпроқ натижага ўйнайди. Қарши ҳужумда ҳаракат қилади. Учрашувда тезкор гол ўз таъсирини ўтказди. Биз тезкор гол урдик. Кейин озгина сусткашликка берилдик. Иккинчи бўлимда йигитларга яна кўрсатмалар бердик, 2:0 ҳисоби ўзгарувчанлигини, бўшашмасликларини айтдик. Ғалаба билан футболчиларни ва клуб учун хизмат қилаётган барчани табриклайман.

- Бу йил про лига ва Кубок баҳсларида мағлуб бўлмаётган Асрор Алиқулов жамоасининг сири нимада?

- Футболчиларнинг меҳнати деб биламан. Улар яхши ишлашяпти. Сири шунда. Майдонда ҳам жонини бериб ҳаракат қилишяпти. “Хоразм”га босим уюштиришга уриндик. Охирги голларни айнан босим натижасида киритдик. Ўйинчиларимизни савияси, ижрочилик маҳоратлари ошиб бормоқда.

- Тезкор голдан қандай жамоалар чиқиб кета олади?

- “Хоразм” ўз стилини ўзгартирмади, буни ҳисобга олиш керак. Чунки 2:0 ҳисобида ҳам ўйин услуби ўзгаргани йўқ. Ҳисобда ортда бораётган ва қарши ҳужумда ўйнайдиган жамоа учун бундай паллада ўйин услубини ўзгартириш қийинроқ. Биз футболчиларга кўпроқ ҳужукор ўйинни таклиф қиламиз ва керакли пайтда ҳимоя. Ҳисобда ортда қолаётган жамоа учун нимадир қилиш қийин.

- Муртазоев билан боғлиқ ҳолат. Уни алмаштираётганда режа ўзгардими ёки бошқа ҳолат кўзланганмиди?

- Иккинчи футболчимизни жароҳати сабабли бирданига иккита ўйинчини алмаштирмоқчи бўлдик. Хумоюнни тушириш мақсадимиз бор эди.

- Муртазоев жамоа сардори. Аммо охирги иккита учрашувда негадир захирадан майдонга тушяпти. Сабаби нимада?

- Анвар Муродов майдонга тушяпти. Унинг жисмоний ҳолати Хумоюнникидан кўра тетикроқ. Шу боис асосий таркибда Муродовга кўпроқ имконият беряпмиз. Бу фақат жисмоний ҳолатдан келиб чиқиб.

-  Демак, Муртазоев жисмоний ҳолатига эътибор беряпти...

- Бундай дейиш бироз ноўрин. Қайсидир ҳолатда ўзига бироз эркинлик берган бўлиши мумкин. Бу ўйинига таъсир қилди. “Хоразм”га босим уюштирганимиз бежиз эмас. Рақиб аъзоларининг ижрочилик маҳоратлари баланд. Анвар Муродовни жисмоний яхши ҳолатдалиги бизга фойда берди. Хумоюн катта миқдорда тўпсиз югуришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин эди.

- “Машъал” Ўзбекистон Кубогида кейинги босқичга чиқди. Олдинги интервьюларингизда раҳбарият томонидан Кубокда вазифа қўйилмаган дегандингиз. Шундан келиб чиқсак, йигитлар мажбуриятсиз, эркин тарзда ўйнаганлари учун кейинги босқичга чиқдими ёки яна бошқа сабаблари борми?

- Биз мураббийлар барибир футболчиларни янада ўсишини, ўйиндан-ўйинга яхши ўйин кўрсатишларини хоҳлаймиз. Биз ҳеч қанақа янгилик қилганимиз йўқ. Ҳар бир баҳсга тайёрландик ва тушунтирдик. Кубок ўйинларида ҳам бизга эркинлик бўлгани йўқ. Футболчилар курашишди, кейинги учрашувларда ҳам худди шундай тайёргарлик кўрамиз.  Ҳар бир ютуқ ўйин учун раҳбарият томонидан бизга тўлаб берилади. Шунинг учун футболчилар мукофот пуллари учун ҳам ўйнашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!