Бугун тунгги соат 01:00да мухлис ва мутахассисларни жиддий учрашув кутяпти. Европа чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичидан ўрин олган "Атлетико" - "Манчестер Юнайтед" жамоалари ўртасида ажойиб баҳс бўлиб ўтади. "Матрасчилар" ўз уйида "тиш-тирноғигача қуролланган" "қизил иблислар"ни қабул қилади. Ҳақиқий классик тўқнашув. Икки жамоа ҳам охирги пайт беқарор ўйинлар кўрсатаётганини инобатга олсак, тўқнашув ҳақида аниқ бир нима деб бўлмаслиги унга ўзгача жозиба бағишлайди.

Бу баҳс билан параллел равишда "Бенфика" - "Аякс" учрашуви ҳам старт олади. Шубҳасиз, ном эътибори билан "Атлетико" - МЮ "оғир тош босади". Бизнингча, бугун янгиланишлар ёқасида турган икки буюк клуб тўқнаш келади.

Роналду ва Симеоне ўртасидаги шиддатли жангни ўтказиб юбориш тўғри бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, "Ювентус" - "Атлетико" баҳсини кўрган томошабин футболчи ва мураббий ўртасида нималар бўлганини яхши билади.

"Атлетико"

Симеоне бошчилигидаги "ҳиндулар" бу мавсум ўзига ўхшамаяпти. Жамоа чемпионатда кўплаб очколарни бой бермоқда. Тўғри, улар жадвалда ҳар галгидек кучли учлик учун кураш олиб боряпти. Бироқ биз билган курашувчан "Атлетико" аввалги даражасини юқотиб бораётгандек туюлмоқда. Мадридликлар сўнгги 7 баҳснинг 4тасида мағлубиятга учраган. Шу 7 ўйинда 14 гол ўтказиб юборган ва 13 гол уришга муваффақ бўлган. Фарқни сездингиз, менимча. Олдинги "Атлетико" кам гол киритиши рост эди. Лекин клуб дарвозасидан бу даражада кўп гол қўйиб юбормасди.

Шунга қарамай, Симеоне шогирдларини тўлиқ инқироз ҳолатида, деб бўлмайди. Клуб ҳамон Ла Лигада совринли ўринларни қўлга киритиши мумкин. Чемпионлар лигасида ҳам “Юнайтед“ни “ўтиб бўлмас довон“, дейиш тўғри бўлмайди. Умуман олганда, “Атлетико“ ҳали бу мавсумни бой берганича йўқ. Ҳа, йўқотишлар, қониқарсиз натижалар кўп бўлди. Лекин футбол мавсуми тугагани йўқ. Шундай экан, “матрасчилар“да ҳануз йилни муваффақиятли якунлаш учун имкон бор.

"Манчестер Юнайтед"

“Манчестер Юнайтед“ жорий мавсум энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган жамоалардан бири. Клуб шу даражада йирик трансферлар амалга оширдики, бундай харидлардан сўнг мутахассислар Манчестер клубини гигантлар қаторига қўша бошлади. Ростан ҳам бу фикрларга қўшилса бўлади. Сабаби, Роналду, Санчо ҳамда Варан каби ўйинчилар футбол оламининг йирик вакилларидан ҳисобланади. 

Шунга қарамай, клуб мухлислар кутган натижаларни қайд эта олмаяпти. АПЛда пешқадамдан 17 очко ортда, кубок ва лига кубоги сингари мусобақалар бой берилган. Шунингдек, жамоада барқарорлик йўқолиб бормоқда. 

Кўриб турганингиздек, Рангник шогирдлари бисотида ЕЧЛдан бошқа совринни ютишга деярли имкон мавжуд эмас. Катта эҳтимол билан МЮ бор эътиборини шу мусобақага қаратади. Бу эса турнирнинг янада шиддатли ўтишига сабаб бўлади. Томошабин учун бундан-да яхшиси бўлмаса керак, нима дедингиз?

 

Учрашувлар тарихи

Ўйинлар сони : 2тa

“Атлетико“ : 1 ғалаба

 "Манчестер Юнайтед" : 0 ғaлaбa

Дуранг : 1тa

Тахминий таркиблар

"Атлетико" : Облак; Хименес, Савич, Врсалько, Рейнилду; Де Пауль, Эррера, Льоренте, Корреа; Феликс, Суарес. 

"Манчестер Юнайтед" : Де Хеа; Далот, Магуайр, Варан, Шоу; Погба, Мактоминей, Фернандеш; Санчо, Эланга, Роналду.

"Атлетико"га оид янгиликлар

Клуб сардори Коке, шунингдек, Суарес, Гризманн ва Лемар каби футболчилар майдонга тушиши сўроқ остида. Уларда кичик жароҳат борлиги айтилмоқда.

Карраско ва Фелипе эса қизил карточка олгани сабаб дисквалификация қилинган.

"Манчестер Юнайтед"га оид янгиликлар

"Қизил иблислар" таркибида фақат Эдинсон Кавани майдонга туша олмайди. У жароҳат олиб, сафдан чиққани айтилмоқда.

 

Мураббийлар фикри

 

Диего Симеоне: 

Биз дунёдаги энг кучли жамоалардан бирига қарши саф тортамиз. Улар янги мураббий Рангник келгач, анча ўсишга эришди. 

Ҳозир рақибларимиз энг қийин лигада 4-ўринни банд этган. Клуб аввалги даражасини тиклаш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.

Таркибга эътибор берсак, у ерда барча иқтидор эгалари жам бўлганини кўрасиз. Айниқса, жамоа ҳужум чизиғи биз учун ҳайратланарли даражада хавфли.

Мен одатда рақибнинг кучли томонлари ҳақида гапираман. Бироқ унутмаслик керакки, “Атлетико“ ҳар қандай қудратли клубга қарши муносиб қаршилик кўрсатиш учун майдонга тушади“.

Ральф Рангник:

У ўзининг одатий услуби билан етарлича совринлар ютган. Менимча, унда услуб ўзгармаган. 

Бу жамоа ҳиссиётлар билан бошқарилади. Ҳиссиёт эса Симеоне билан бир қаторда келишини яхши биласиз. У дунёдаги энг таъсирчан мураббийлардан бири.

Уларга қарши икки баҳс ҳам қийин бўлади. Биз ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан бунга тайёр туришимиз керак. 

Мен шогирдларимни бундай қийинчиликдан олиб ўтиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Биз эътиборли ва тартибли ўйин кўрсатишимиз лозим“.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!