"Атлетико" – "Барселона" ўйинига 60 мингдан зиёд томошабин келди
Испанияда футболга шунчаки бир спорт тури сифатида эмас, балки маданий ҳордиқ сифатида қарашади. Биздан фарқли равишда гранд жамоалар ўйинида бўш ўриндиқ топиб бўлмайди.
Испания чемпионатининг навбатдаги тур доирасидан ўрин олган "Атлетико" – "Барселона" учрашувига 60 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 60739 мухлис. Бу дунё бўйича клублар ўртасидаги баҳс учун рекорд даражадаги ташриф сифатида ҳозирча тарихда қолмоқда. Европа футболи учун эса алоҳида бир рекорд. Ҳали "Кўҳна қитъа"да ҳеч бир ўйинга бунчалик кўп мухлис ташриф буюрмаган.
"Ванда Метрополитано"да кечган баҳсда афсуски, томошабинларнинг аксарияти уйларига тушкун кайфиятда қайтишди. Ўйин каталонияликларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Юқоридаги матнда нимадир "ёпишмаяпти" деяётгандурсиз. Ростан ҳам шундай. Гап аёллар футболи ҳақида кетмоқда. Ахир айтдик-ку, Испанияда футболга шунчаки бир спорт тури сифатида эмас, балки маданий ҳордиқ сифатида қарашади. Биздан фарқли равишда гранд жамоалар ўйинида бўш ўриндиқ топиб бўлмайди . . .
Фикрлар