Ana xolos: Husanovga Xabi Alonso ustozlik qilishi mumkin

  • 10.04.2026 07:01
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol

“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти эксперти Ваям Лахоти жамоа бошқарувида ўзгариш бўлиши кутилаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Унинг ёзишича, испаниялик мутахассис Хаби Алонсо жорий ёзда “Манчестер Сити”да Пеп Гвардиола ўрнини эгаллаши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Гвардиоланинг шартномаси 2027 йилгача амал қилиши белгиланган бўлса-да, у келаси мавсум борасида ҳали аниқ режаларини билдирмаган.

Сўнгги ойлар давомида “Сити” раҳбарияти Хосеп Гвардиола ўрнига қайси мутахассисни таклиф этиш масаласини гоҳ ошкора, гоҳ яширин равишда режалаштириб келмоқда.

Буюк Британия оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, “Манчестер Сити” мутасаддилари Хосеп Гвардиоланинг ўрнига “Байер” ва “Реал Мадрид”нинг собиқ бош мураббийи Хаби Алонсони таклиф қилиш эҳтимоли ошиб бормоқда.

Гвардиоланинг келажакдаги режалари ҳамма қизиқтириб турибди. Бироқ унинг ўзи сўнгги ойларда режалари ҳақидаги саволлардан бир неча бор четлаб ўтди ва кўплаб хабарларга кўра, у режалаштирилган муддатдан бир йил олдин клубни тарк этиши мумкин.

Кўпчилик Гвардиола якуний қарорини жорий мавсум тугаганидан кейин қабул қилишини кутяпти.

Шунга қарамай, клуб раҳбарияти аллақачон ўринбосар масаласи бўйича иш олиб бормоқда ва маълум бўлишича, спорт директори Уго Виана ҳамда клуб раиси Халдун Ал- Муборак эҳтимолий номзодлар рўйхатини қисқартирган.

Хусусан, бу борада Хаби Алонсо ёлғиз эмас. Энцо Мареска “Челси”дан кетганидан сўнг, Гвардиола курсисига асосий номзод сифатида кўрилмоқда, аммо Алонсо номи ҳам мунтазам равишда муҳокамаларда тилга олинмоқда.

Алонсо 2026 йил январь ойида “Реал Мадрид”дан истеъфога чиқарилган бўлса-да, унинг Леверкузендаги иши юқори баҳоланяпти. Алонсо 2023-2024 йилги мавсумда Бундеслигада “Байер” билан мағлубиятсиз чемпионликка эришганидан сўнг дунёдаги энг талабгир мураббийлардан бири бўлиб қолмоқда.

Talksport нашри журналисти Алекс Крук маълумотига кўра, агар Гвардиола мавсум якунида “Этихад”ни тарк этса, Алонсо унинг ўрнига асосий даъвогарлардан бирига айланади.

Бу маълумот Алонсо каби инновацион ёш мураббий “Манчестер Сити” учун жуда жозибали вариант эканини тасдиқлайди, чунки клуб Англия ва Европа футболининг энг юқори чўққисида қолишни истайди.

Гвардиола Алонсо ҳақида доим илиқ фикрлар билдириб келган, чунки улар “Бавария”да бирга ишлаган ва ўзаро ҳурмат ҳамда бир бирига ўхшаш футбол фалсафасига эга.

Аввал хабар қилинганидек, “Сити” Гвардиола ўрнига беш нафар номзодни кўриб чиққан: Мареска, Алонсо, Сеск Фабрегас, Роберто Де Дзерби ва Андони Ираола. Алонсони жалб қилиш имконияти осонроқ экани унинг  фойдасига ишлаши мумкин.

2024 йилнинг ноябрь ойида Гвардиола “Манчестер Сити” билан икки ярим йиллик янги шартнома имзолаган ва буни ўз мураббийлик фаолиятидаги энг қийин мавсум деб атаган эди.

Бироқ сўнгги ойларда “Этихад” атрофидаги муҳит ўзгарди — ишончли манбаларга кўра, Премьер-лигада Гвардиола мавсум охирида кетиши мумкин, деган фикр кучаймоқда.

“Манчестер Сити” бу мавсумда Карабао кубогини қўлга киритди, бу охирги икки йил ичидаги илк соврин ва жамоа ички требл учун курашни давом эттирмоқда. Олдинда эса “Уэмбли”да “Саутгемптон”га қарши Англия кубоги ярим финали бор.

Гвардиола клубни энг яхши ҳолатда қолдириш истагини бир неча бор билдирган ва муваффақиятли мавсум якунланиши унинг кетиши учун идеал вазият бўлиши мумкин.

Агар у яқин ҳафталарда кетишини расман эълон қилса, Уго Виана тезда янги мураббий тайинлаб, “Этихад”да бошланган қайта қуриш жараёнини давом эттиради. Алонсо эса Мареска билан бирга асосий номзодлардан бири сифатида қаралмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликдан кейин “Манчестер Сити”да жиддий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, таркибни янгилаш ва ёшартириш 2025 йилнинг 20 январида жамоага Франциянинг “Ланс” клубидан Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиши билан бошланди. Бу авлодлар алмашинуви ҳамон давом этаётган жараёнда ўзбек футболчиси “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғининг энг муҳим ижрочисига айланиб бормоқда.

Европада яна Ҳусановга эътибор қаратишди

Еврокубокда ўйнайдиган клуб ўзбек футболчиси трансферини эълон қилди

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

Ҳусанов рейтингда биринчи!

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!