Австралия Осиё Кубогига қанчалик тайёр? Таркиб эълон қилингач, бош мураббий матбуот анжуманида нималарни айтди ёхуд Сиднейдан келган хабарлар

Қатарда ўтадиган Осиё Кубоги мусобақаси бошланишига ҳам тобора оз фурсат қоляпти. Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган “В” гуруҳидан Ҳиндистон, Сурия ва Австралия терма жамоалари ҳам жой олишган. Бугун олис қитъа вакили – Австралия ҳақида тўхталамиз.

Рақиб ҳақида маълумотларга эга бўлиб туриш ва терма жамоа бош мураббийи Грэм Арнольд билан суҳбатлашиш мақсадида Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Австралия миллий терма жамоаси медиа раҳбари Метью Тоунсенд билан алоқада бўлиб турганди ва у 22 декабрь санасида бош мураббий Грэм Арнольд иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши ҳамда Осиё Кубоги учун якуний таркиб эълон қилинишини маълум қилди. Socceroos.com.au сайти ҳам бу борада маълумотлар тақдим этиб бормоқда.

Кутилганидек, 22 декабрь куни “Соккеруз”ларнинг Осиё Кубогида қатнашадиган таркиби эълон қилинди ва ундан 26 нафар ўйинчи ўрин олди. Шунингдек, Сиднейда Австралия терма жамоаси бош мураббийи Грэм Арнольд иштирокида матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

Австралияликлар ўз йиғинини 1 январда Абу-Дабида бошлайдилар. “Соккеруз” таркиби ОФК берган рухсатга биноан 23 тадан 26 тага узайтирди. Бу эса мусобақага тайёргарлик кўришда ёрдам беради. Худди шу гапни терма жамоа бош мураббийи Грэм Арнольд ҳам матбуот анжуманида таъкидлаб ўтган.

арнолд1

“ОФКнинг қарори жаҳон Кубогидан кейинги терма жамоалар мураббийларининг билдирган фикрларидан келиб чиқди ва бу тўғриси, жуда ҳам яхши натижа. Чунки катта мусобақа олдидан бу мураббийга янада яхшироқ ўйлаб олиш имкониятини беради.

Умуман олганда, Осиё Кубоги учун танлаган таркибимдан жуда ҳам хурсандман. Бу футболчилар мен излаётган таркибдаги балансни бера олишади. Буни мен жаҳон чемпионати саралаши учрашувларидан келиб чиқиб айтишим мумкин”, - дейди Арнольд.

Арнольд жамоанинг асосий футболчиларига ўз ишончини билдиряпти. Бу борада Мичел Дюк (“Мачеда Зелвия” клуби аъзси) Крейг Гудвин (“Ал-Ваҳда” аъзоси) ва Жексин Ирвин (“Сан Паули” аъзоси) каби футболчиларга эътибор катта.

Томас Денг, Бруно Форнароли ва Лоуренс Томас терма жамоага ўз клубларидаги ажойиб ўйинлари орқали қайтарилган. Лекин ўзига яраша жароҳатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Наталиел Аткинсон ва Райли Макгри сўнгги ойлар давомида клубига ҳам, терма жамоага ҳам ёрдам бера олмаган. Лекин улар терма жамоа билан Дохага биргаликда йўл олишга тайёр бўлишмоқда. Яқинда жарроҳлик амалиётини ўтказганига қарамасдан “АЗ Алкмар” футболчиси Мэтью Райян жамоага жалб қилинган. Унга кейинги тайёргарлик жараёнларида жисмоний томондан ўзини кўрсатишга имкон берилади. У “Соккеруз” тиббий штаби билан яқиндан ишлайди.

Австралия

Жаҳон чемпионати саралашида Бангладешга қарши ўйинда дебют қилган “Портсмут” аъзоси Кусини Енги ҳам таркибга жалб қилинган. У Жон Ирдил билан биргаликда терма жамоага қўшилади. Улар учун бу Австралия терма жамоаси сафида илк бор катта мусобақага чақирув олишмоқда. Бунгача Австралия ёшлар термасида ҳам ўзларини яхши томонлама кўрсата олишганди.

Гетин Жонс эса терма жамоада янги номлардан бири. У ўзи туғилиб ўсган мамлакат терма жамоасида тўп сурмоқчи.  Жонс “Эвертон” академияси тарбия олган ва ёшлигида Уэльс терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган бўлса-да, катта жамоа учун Австралияни танлади. Бош мураббий Арнолд эса яна қуйидаги фикрларни билдирди:

“Жамоамизнинг асосий қисми бир-бирига жуда яхши боғланган. Йигитлар яхши кайфиятда ва уларда ғолиблик менталитети яхши шаклланган, деб айтишим мумкин. Биз бир қатор янги номларни ҳам жамоамизда кўриб турибмиз. Улар жамоамизга фантастик импульс бера олишади, деб умид қиламан.

арнолд

Тайёргарлигимизга интенсивлик ва ўзига хос энергия қўшишимиз жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки биз айнан мана шу жиҳатларимиз билан ном чиқарганмиз. Ушбу жиҳатлар жамоамизнинг олдинга интилиши ҳамда яхши натижага эришишида асосий ролни ўйнаши керак.

Баъзи танловларимиз билан стратегик бўлишга мажбур бўлдик. Чунки бизнинг олимпия терма жамоамиз ўз ўйинларини апрелда ўтказади ва биз таркибда ёшлар балансини амалга оширишимизга тўғри келди. Бу таркибдаги позицияларга таъсир ўтказадиган танловлар бўлди. Лекин шунга қарамасдан ўзим танлаган футболчилардан, таркибдан кўнглим тўлди. Янги йилдан бошланадиган тайёргарлик жараёнларини сабрсизлик билан кутяпман”, - дейди Арнольд матбуот анжуманида.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!