Ахбор Имомхўжаев издошлари ўртасида хотира турнири ўтказилади!
Ўзбек спорти журналистикаси отахони, футболимиз шарҳловчилиги мактаби асосичиси Ахбор Имомхўжаев фоний дунёни тарк этганига бугун роппа-роса бир йил бўлди. Биз бу инсонни нафақат ўзбек тилидаги унутилмас шарҳлари билан, балки футбол ҳакамлиги ва унинг ривожи йўлида амалга оширган ишлари билан ҳам яхши эслаймиз.
Эндиликда бу инсоннинг издошлари ўзаро ҳамкорликда футбол хотира турнирига асос солишни режалаштиришган. Сизга яхши маълумки, ҳар йили 2 июль санасида бутунжаҳон спорт журналистлари куни нишонланади. Мана шу кунда Ахбор Имомхўжаев хотира турнирини ўтказиш таклифи унинг фарзандлари ҳамда набиралари томонидан илгари сурилди.
Режага кўра, илк мусобақа 1-2 июль кунлари бўлиб ўтади. Унда Ахбор Имомхўжаев номи билан бевосита боғлиқ бўлган жамоалар иштирок этиши кўзда тутилган. Жумладан, “Пахтакор” фахрийлар жамоаси, “Тонг” фахрийлар жамоаси, собиқ ҳакам ҳамда назоратчиларни ўзида жамлаши кўзда тутилган “Рефери” фахрийлар жамоаси, фахрий спорт журналистларини ўзида жамлайдиган “Журналист” жамоаси. Шунингдек, футбол шарҳловчиларини ўзида жамлаган “Шарҳловчи” жамоаси, ўзбек футболи ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган “Sports.Uz” ҳамда “Championat.asia” жамоалари. Мусобақада Ахбор Имомхўжаевнинг фарзанд, набира ҳамда абираларидан иборат алоҳида жамоа ҳам қатнашади.
Ишонамизки, мазкур мусобақа анъанавий тарзда йўлга қўйилади. Ахбор Имомхўжаев каби инсонлар нафақат ҳаётлик даврида, балки ундан кейин ҳам ўз издошларини шу тариқа жипслаштириб туришига шубҳа йўқ.
Фикрлар