Диёра Келдиёрованинг янги ғалабаси эътиборсиз қолмади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Қозоғистонда ўтаётган Aktau Asian Open 2026 мусобақасида дзюдочи Диёра Келдиёрованинг ғалабаси юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Чемпионимиз қайтди: Диёра Келдиёрова Актауда олтин медални қўлга киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, -52 кг вазн тоифасида беллашган Диёра Келдиёрова Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ўтаётган халқаро турнирда олтин медалга сазовор бўлди. Финал баҳсида ҳамюртимиз Озарбайжон вакилига қарши беллашувни муддатидан олдин якунлаб, ишончли ғалабага эришди», — дейилади қўмита расмий телеграм-каналидаги хабарда.

Келдиёрованинг Актаугача бўлган сўнгги расмий мусобақаси 2024 йилда Парижда ўтган Олимпия ўйинлари эди. Ушбу нуфузли мусобақада у дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган. Париждаги йўли давомида Диёра кутилмаганда тўрт карра жаҳон чемпиони, япониялик Ута Абэни мағлуб этган, финалда эса Токио-2020 олимпиадаси чемпиони, косоволик Дистрия Красничини енгган. 

Шу тариқа у Ўзбекистон тарихида ёзги Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича олтин медаль ютган илк аёл спортчига айланган.

Париждаги катта муваффақиятдан сўнг спортчи фарзандли бўлиши муносабати билан узоқ танаффус олган, Актаудаги ғалаба эса унинг катта спортга муносиб қайтганини кўрсатмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!