Бабаян шишираётган пуфак ёрилиб кетадими?
Ҳозиргина "Олимпик" - "Навбаҳор" баҳси якунига етди. Майдон эгалари биргина хато учун кубокдаги юришини тўхтатди. Бу баҳсдан аввал "лочинлар" устози олдида иккита йўл бор эди:
а) Чемпионатдаги энг кучли захира ўриндиғини старт таркибда майдонга ташлаб, "Навбаҳор" ўйинини қилиб берадиган йигитларга дам олиш имконини бериш;
б) Таваккал қилмасдан жанговар таркиб билан ўйнаш.
Эътиборлиси шундаки, 5 кундан сўнг "Пахтакор" билан ўз уйида 6 очколик баҳсда иштирок этадиган жамоа прессингга урғу берадиган Кападзе шогирдларига қарши асосий таркиб билан ўйинни бошлади. Ҳатто, Зоран Марушич ҳам иккинчи бўлимда майдонга тушди. Қайсидир маънода бу юриш наманганликларга кейинги босқич йўлланмасини олиб бергани рост, аммо бошқа саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Қандай қилиб бутун мавсум 11 та футболчи билан ҳаракат қилиш мумкин? "Жар"даги ўйин якунлангач, мураббийга айнан шу саволни берганимда, у сунъий ротация қилмоқчи эмаслигини айтиб, гапни буриб юборди. Билмадим, "Навбаҳор" бу темпда кетса, "Қўқон-1912" билан дербида бўлгани каби очко йўқотишда давом этиши ҳеч гап эмас. Келинг, ўйин картинасидаги 2-3 эпизодни кўриб чиқамиз.
Учрашувнинг илк дақиқаларида меҳмонлар марказда Жокич ва Болтабоев ёрдамида кучли прессинг уюштириб, "Олимпик"нинг асосий ҳужум ташкил этувчи 10 (Фаррух Мухторов) ва 21-рақамдаги (Муҳаммад Азиз Иброҳимов) футболчиларини ўйиндан тушиб қолишини таъминлади. Натижада, майдон эгалари кўпроқ иккинчи қаватдан олдинга узун паслар беришга мажбур бўлди. Голбан, Сигер, Ашурматов учун бу тўплар туғилган кун учун совғадек бўлди, холос. Натижада, "олимпиячилар" илк 45 дақиқаликда рақиб дарвозасига бирорта аниқ зарба бергани йўқ. Биринчи таймда Бабаяннинг прагматик футболи рақибни анчагина "бўгиб қўйди".
Иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқалигида Тимур Кападзе захирадаги кучларни ўйинга қўшиб, темпни кўтарди. Қанотлардаги хавфни ошириш учун майдонга тушган Одилов ва Мамасидиқов кенгроқ ўйнаши сабабли, "Навбаҳор"нинг таянч зонасидаги йигитлар ҳимоячиларга яқин ҳаракат қила бошлади. Шу туфайли "лочинлар"нинг кам сонли ҳужумларини уюштиришга масъул бўлган Жамшид Искандеров ўйиндан узулиб қолди. Бабаян шогирдлари темпни тушуриб, Марушични иккинчи қаватдаги тўп учун курашга қўшишга уринди, аммо бу анча чуқур ҳимояланишни бошлаган меҳмонларга наф келтирмади. Кападзе шогирдлари эса, марказни қўлга киритгач, тўпни қанотларга катта тезликда олиб ўтиб, хавфли вазиятлар сонини оширишда давом этди. 80-дақиқага келиб, Жокич ва Болтабоевдаги чарчоқ ўз сўзини айтди, "Навбаҳор"нинг прессинги сусая бошлади.
Янги қўшилган кучлар ёрдамида Кападзе жамоаси ўйинни ўз томонга оғдирди. Қанотлардаги йигитларнинг кучли босими сабабли, наманганликларнинг ҳимоядаги асосий қуроли саналган таянч ярим ҳимоя ишсиз қолди. Қанотларга урғу берилгани ўз сўзини айтмай қолмади. 83-дақиқада "Олимпик" 100 фоизлик голли вазият яратди, аммо наманганликлар сафидаги гладиатор (Ҳошимов) катта саҳнага чиқди. Аслида, бу ўйинни Самвел Бабаян шогирдлари ортиқча куч сарфламай ўз фойдасига ҳал этиши мумкин эди, бироқ мавсум бошидан бери асосий таркиб алмаштирилмагани ўзини сездирди. Жокич ва Болтабоевнинг босими камайиши билан "Олимпик" олдинда эркинроқ тўпни назорат қилди. Кейин, вазиятни яна ўз қўлига олиш мақсадида Бабаян Асад Собиржоновнинг ўрнига Азим Аҳмедовни "жангга ташлади", аммо бу юриш катта наф келтиргани йўқ.
Тимур Кападзе бугун "Навбаҳор"га ойна тутиб берди. Ҳозир-ку, "лочинлар" майдондаги ижрочилар даражасидаги фарқ эвазига кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди, бироқ бу секин-аста пасайиб бориши аниқ. Сабаби, Самвел Вячеславович ўйиндан кейинги матбуот анжуманида футболчиларим ўйинга чанқоқ ва улар ҳали чарчамади, деб айтиб ўтди. Билмадим, захира ўриндиғида Жасур Яхшибоев, Нурилло Тўхтасинов, Мирлан Мурзаев сингари футболчилари бор жамоа бу қадар асосий таркибга боғланиб қолиши қай даражада тўғри? "Самвел ака"нинг матбуот анжуманидаги гапидан хулоса қилинса, у мавсум охирига қадар асосий таркибга дам бермоқчи эмас. Демак, 5 кундан сўнг "Пахтакор" билан ҳам, 10-сентябрда "Сўғдиёна" билан ҳам бугунги таркибнинг 90 фоизи асосий таркибда бўлади. Ҳар бир беллашувда чуқур ҳимоялангани боис, катта куч сарфлайдиган "лочинлар"нинг кучи охиригача етармикан? Самвел Бабаян ўйиндан ўйинга пуфакни шиширишда давом этмоқда. Агар ўртамиёна жамоалар ҳам "Олимпик" сингари "Навбаҳор"га кураш таклиф этадиган бўлса, "лочинлар" устози қўлидаги "шар"ни чемпионлик ўйинларида "ёриб қўйиши" ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда, анча йил аввал сунъий ротациядан воз кечгани қанчалар қимматга тушганини кўпчилик унутгани йўқ!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар