Баҳодир Аҳмедов: "Биз рақиб танламаймиз"

BEPUL PROPAN

Хабарингиз бор, яна икки кундан кейин футзал бўйича мамлакат кубоги баҳслари бошланади. Дастлабки учрашувларга Фарғонадаги "Само" спорт мажмуаси мезбонлик қилади. 

Ўзбекистон кубоги беллашувлари стартидан аввал тажрибали мураббийларимиздан бири Баҳодир Аҳмедов билан кубок янгича форматда ўтказилиши, "Максам-Чирчиқ"нинг тайёргарлиги ва мақсади ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

-  Ўзбекистон кубоги баҳсларига тайёргарлик қандай олиб борилаяпти?

-  Мамлакат чемпионати якунланганидан кейин бир муддат футболчиларга дам бердик. Феврал ойидан эътиборан эса Ўзбекистон кубоги мусобақасига жиддий тайёрланаяпмиз. Машғулотлар Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгар” спорт мажмуасида олиб борилмоқда.

-  Қуръага кўра жамоангиз "C" гуруҳидан ўрин олди ва барча рақиблар Олий лига вакиллари бўлди? Кучли рақобат кутаяпсизми?

-  Тўғри таъкидладингиз, рақибларимиз анчагина кучли. Аммо ўз олдига мақсад қўйган жамоа ҳар қандай рақибга қарши курашишга шай бўлиши лозим. Машғулотлар жараёнида биз мураббийлар штаби буни шогирдларимизга уқтириб келамиз. Бу йилги мусобақада ҳам барча жамоалар билан тенгма-тенг курашишга тайёрмиз деб ўйлайман.

-  Таркибдаги футзалчиларнинг аксарияти ёш ўйинчилар...

-  Ҳечқиси йўқ. Муросасиз рақиблар билан ўйинларда улар тобланишади, маҳоратларини оширишади. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифалардан бири ҳам таркибни ёшартириб, тезкор футбол намойиш этиш ва юқори натижаларни кўрсатишдир. Ўз навбатида бу ишимиз билан мамлакат терма жамоаларига муносиб иқтидорли ёшларни тарбиялаб беришдир. Шундай экан, Кубок ўйинларига жиддий ҳозирланаяпмиз десам, муболаға бўлмайди.

-  Бу йилги Ўзбекистон кубоги мусобақа тартиби ҳақидаги фикрингиз?

-  Ўзбекистон футзал федерацияси танлаган йўлни қўллаб қувватлайман. Биринчи марта бизда жаҳон ҳамда қитъа чемпионатлари тартиби қўлланилаяпти. Яъни 16 жамоа 4 та гуруҳга тақсимланган ва икки даврали баҳсларда плей-офф иштирокчилари аниқланади. Бу эса барча жамоаларнинг имкониятларини тенглаштиради. Бундан ташқари учрашувларнинг кечки пайтда ўтказилаётганлиги, ўйиндан сўнг жамоаларнинг жисмоний тикланиб олишларига етарлича вақт берилаётганлиги айни кўнгилдаги иш бўлди дейиш мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!