Баҳодир Жалолов охирги марта қачон мағлубиятга учраганини биласизми? Унинг келажакдаги режалари қандай?

Ҳаваскор боксда улкан ютуқларга эришган оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов бир неча йиллардан буён катта мусобақаларда зафар қозониб келмоқда. Аммо унинг охирги мағлубияти қачон бўлганини эслай оласизми? 
 
Авваллари AIBA (ҳозирда IBA) томонидан WSB Супер Серияси жамовий мусобақалари ўтказилар эди. Шу турнир доирасида 2018 йил 9 февраль куни Кубада Ўзбекистон ва Куба жамоалари ўзаро тўқнаш келган. Ўшанда Баҳодир Жалолов Хосе Лардуетга 5-раундлик жангда 50-45, 48-47, 48-47 ҳисобида имкониятни бой берганди. Якунда Куба жамоаси 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу мағлубият Жалолов учун охиргиси бўлиб турибди.
 
Шундан сўнг, Жалолов 2019 ва 2021 йилларда Осиё чемпионати, 2019 ва 2023 йилги жаҳон чемпионати ва Токио-2020 Олимпиада ўйинлари олтин медалини қўлга киритди. 
 
Image
 
Қолаверса, 2018 йилнинг ўзида профессионал боксга қадам қўйди ва ҳозирга қадар 12-жанг ўтказиб барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этди. 
 
Тошкентда бўлиб ўтган ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Жалолов учун алоҳида аҳамият касб этди. У финалда кубалик Алехандро Арзола Лопес билан тўқнаш келди. Эътиборлиси бу жангни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев беъвосита аренадан кузатиб борди. 
 
Илк раундда Алехандро Арзола Лопес Баҳодир Жалоловнинг зарбасидан сўнг жангни давом эттира олмайдиган бўлди. Шу тариқа, жанг муддатидан аввал якунланди.
 
bahodir_final-22 (1) 
 
Жангдан кейин Баҳодир Жалолов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
 
- Икки карра жаҳон чемпиони бўлганимдан ҳурсандман. Бу - юртимизда мухлисларимиз олдида рўй бергани ажойиб. Давлатимиз раҳбарининг олдида 10 та Олимпиада медалини ютгандек бўлдим.
 
Тўғриси, дзюдочи Давлат Бобоновни Президентимиз қўлидан олтин медал олганини кўрганимда жуда ҳам ҳавас қилганман. Шунда юртбошимиз олдида жаҳон чемпиони бўлиш бизга ҳам насиб қилсин, деб яхши ният қилгандим. Аллоҳга шукр ниятимга етдим, - деди Жалолов.
 
Бу йил унинг профессионал фаолиятида ҳам катта бурилиш юз берди. У Боб Арумга тегишли дунёга машҳур Топ Ранк промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади. Унинг профессионал йўналишдаги навбатдаги жанги 26 августь куни АҚШнинг Талза шаҳрида нигериялик Онориоде Эҳвериемега қарши бўлиб ўтади. 
 
Image
 
Ҳаваскор боксда унинг навбатдаги мақсади 2 карра Олимпиада чемпиони бўлиш. Жалолов бундан олдин Олимпиадага лицензия берувчи, сентябрь-октябрь ойларида бўлиб ўтасиган Осиё ўйинларида иштирок этишни режа қилган. Бу йўлда ҳамюртимизга омад қилаб қоламиз!
 
Жалол Ахмедов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!