Баҳодир Жалолов ва Тайсон Фьюри... Ҳамюртимизнинг режаси қандай?
Супероғир вазн тоифасидаги собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюрига (29-0-1, 20 КО) WBO президенти Франсиско Валькарселнинг Баҳодир Жалолов билан жанг қилиши борасидаги таклифи ва унга Тайсон Фьюрининг муносабати борасида хабар бериб ўтган эдик. Ўз ўрнида ҳамюртимиз ҳам унга ўзига хос жавоб қайтарган эди.
Хуллас, бу жангни ҳали бери бўлмаслигини боксдан у қадар хабари бўлмаган инсон ҳам яхши тушунади. Оддий икки сабабини келтирадиган бўлсак, Баҳодирни олдида Токио Олимпиадаси турган бўлса, Фьюрини 22 февраль куни принципиал рақиби билан бўладиган жанг кутиб турибди.
Шундай бўлсада, юртдошимиздан Олимпиададан кейин ушбу жангни ташкил қилиш имконияти пайдо бўлса, бирданига бундай тажрибали, топ боксчига қарши рингга кўтарилиш сиз учун ижобий ҳолатми ёки барчасига босқича-босқич эришиш истагидамисиз, деган савол билан мурожаат қилдик.
Жаҳон чемпиони эса бунга қуйидаги тарзда жавоб берди.
- Аввало, менинг биринчи навбатдаги мақсадим Олимпиадада муносиб иштирок этиш. Аслида, ҳар доим бундай жангларга тайёрман. Агар, шундай имконият Токиода бўлиб ўтадиган тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақасидан кейин ҳам юзага келса, албатта, бунга рози бўламан. Шубҳасиз, Фьюри жуда кучли боксчи, қолаверса, бундай рақиблар билан доимо ҳам жанг ўтказиш имконияти юзага келавермайди... Лекин менда хеч қандай қўрқиш, хавсираш деган туйғулар йўқ. Лекин унга қадар яна профессионал боксда бир-икки жанг ўтказиб олсам янада яхши бўларди.
Фикрлар