Баҳодир Жалоловга бутун Қозоғистон қарши бирлашади
Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилаётган Осиё ўйинлари бокс мусобақасининг энг зўр жанги ўта оғир вазнли боксчилар ўртасидаги финал бўлади.
Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг энг кучли чарм қўлқоп усталари – Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабоев ўзаро куч синашади.
Аслида ҳали Осиё ўйинлари бошланишидан олдин кўплаб мутахассислар бу икки боксчининг финалда ўзаро тўқнаш келишини кутган эди. Дарҳақиқат, айни пайтда қитъамизда Баҳодир ва Қамшибекка бас келадиган боксчини топиш жуда қийин.
Бокс мутахассислари ўта оғир вазнда Хитой шарафини ҳимоя қилаётган Данабеке Байикевузи ўз мухлислари кўз ўнгида бор маҳоратини кўрсатишини таъкидлаган эди. Бу боксчи ярим финалда Баҳодир Жалоловга тўқнаш келди. Жангда Данабеке ўзбек боксчисининг зарбаларига бир раунд ҳам туриб бера олмади.
Иккинчи ярим финалда Қамшибек Кункабаев ҳиндистонлик Бервал Нарендер устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ҳал қилувчи баҳсга йўлланма олди.
Демак, Осиё ўйинларида бокс бўйича ўта оғир вазн тоифасидаги финалда “эл-класико” – Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабоев яна ўзаро тўқнаш келади.
Ушбу баҳс олдидан профессионал бокснинг IBA йўналиши бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олган қозоғистонлик чарм қўлқоп устаси Марат Мазимбаев бўлажак финал жанги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
- Қамшибек Кункабоев ярим финалдан ўзига ишончган тарзда ўтди, савияси юқорилигини кўрсатди. Лекин финалда унга жуда қийин бўлади.
Ҳаммаси Қамшибекнинг ўз қўлида ва у финалда ғолиб чиқиши мумкин. Бунинг учун бор имкониятини ишга солиши керак. Кункабоевга бутун Қозоғистон кўз тикиб турибди.
Мен у Ўзбекистон боксчисини мағлуб этиш учун қўлидан келганини қилади, деб ўйлайман, - деди Марат Мазимбаев.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабаев ҳаваскорлар боксида саккиз йил давомида ўзаро рақобатлашиб келмоқда. Дастлабки икки жангда устунлик қозоқ боксчиси томонида бўлган. Бироқ, кейинги йилларда ҳамюртимиз рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаяпти. Айни пайтда улар ўртасидаги умумий ҳисоб ўзбек боксчиси фойдасига 6:3 кўринишига келган.
Совринлар жамғаришда ҳам устунлик ўзбек боксчиси томонида. Жалолов Токио Олимпиадаси, икки карра жаҳон чемпионати ва уч карра Осиё чемпионати ғолиби ҳисобланади.
Кункабоев жаҳон чемпионатларида иккита, қитъа чемпионатларида тўртта кумуш медалга сазвор бўлган ва Токио Олимпиадасида бронза медални қўлга киритган.
Баҳодир Жалолов ва Қашибек Кункабоев ўртасидаги финал 5 окбярь куни бўлиб ўтади.
Фикрлар