Баҳодир Насимов: "Таркиб кучайтирилиши лозим. Бусиз бўлмайди"
Чемпионатимиздаги фахрий футболчилардан бири, “Динамо”нинг “отахон”и ҳисобланган 37 ёшли ҳужумчи Баҳодир Насимов ҳамон спорт формасида. У кўпроқ иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушрилмоқда. Шундай бўлса ҳам ҳужумчи иштиёққа тўла.
Ўтган ҳафтада “Динамо” ниҳоят ўз уйида – Самарқандда ўйнади. Бугун эса Жиззахда “Сўғдиёна” жамоасига қарши биринчи давранинг охирги турида майдонга тушишади. Насимов эса Sports.uz мухбирининг бир қанча саволларига жавоб қайтарди.
- “Динамо” ўтган турда биринчи марта Самарқандда ўз мухлислари қаршисида тўп сурди. Балки деярли тўлган стадионда ўйнаш футболчиларга босим ўтказгандир...
- Балки шунақадир. Биринчи бўлимда яхши ўйнагандик, иккинчи бўлимда йигитлар олдинга боришмади ва гол ўтказдик. 3-4 та яхши вазиятлардан фойдалана олмадик.
- Демак, “Динамо” эртароқ натижани сақлаб қолиш ҳақида ўйладими?
- Бу – футбол ва 90 дақиқа ўйналади. Йигитлар 1:0 ҳисоби қолади деб ўйлашди, шекилли. Бироқ 2:0 ҳам, 1:0 ҳам қалтис ҳисоблар. 3:0 ёки 4:0 бўлса унда бошқача бўларди.
- Абрамов сизни айрим учрашувларда ўйинни кучайтириш учун захирадан майдонга туширяпти. Ҳозирги ҳолатингизда қийналмаяпсизми?
- Ҳолатим яхши. Машғулотларда қатнашяпман, кучим бор. Мураббий ишоняпти.
- Биринчи давра ҳам тугаб қолди. “Динамо”ни фақат “Сўғдиёна” билан учрашуви қолди. Жамоангизнинг биринчи даврадаги иштирокидан қанчалик қониқяпсиз?
- Ростини айтсам, биринчи даврада бизда дуранглар кўп бўлди. Кўп баҳсларда ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишимиз ва камида турнир жадвалида бешталикда бўлишимиз керак эди. “Сўғдиёна”га қарши ўйинимиз турибди. Бу беллашувда ютишга ҳаракат қиламиз.
- Биринчи даврадан кейин таркибни албатта кучайтирилиши керак, деб ҳисоблайсизми?
- Бусиз бўлмайди. Жамоани юқори мақсади бўлса, таркиби кучайтирилиши лозим. Камида 4-5 та яхши футболчиларни олиб келиш керак, деб ўйлайман. Биласиз, футболда кўп нарса тез югуриш билан ҳам бошқача. Масалан, бизга қарши ўйинда “Андижон” футболчилари 90 дақиқа югуришди, демак, улар жисмонан тайёр экан. Шунинг учун энг асосийси, чопадиган ўйинчиларни олиш керак.
- Ҳужум чизиғига нима дейсиз? Янги қон керакми?
- Ҳужум чизиғимиз ёмон эмас. Анвар ўнгда ўйнаяпти, у ҳам ҳужумчи. Уни позициясига ўйинчи олса, 3 та ҳужумчи бўлади.
- “Динамо”даги фаолиятингиз бу мавсумдаги охиргиси бўлиб қоладими?
- Кўрамиз-да, чемпионатни тугатайлик, шунга қараб режа қиламиз.
- Кожо тўғрисида нима дея оласиз?
- Яхши ҳужумчи, меҳнаткаш. Фақат у орқароққа тушиб ҳам меҳнат қилади. Агар ҳамма вақт олдинда ўйнаса камида 8-9 та гол урган бўларди. Шунчаки, у орқароққа келиб тўпни олишга ҳаракат қилади. Ҳужумчи сифатида ўз жойида тўпни сўраши керак. Кожо тезкор ҳужумчи. Иккинчи даврада камида 8-9 та гол уради, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар