“Барса” Англиядаги ўйинчини нишонга олди
“Барселона” спорт директори Деку жамоа таркибини кучайтириш мақсадида 2026 йилда бир неча трансферларни амалга ошириш бўйича иш олиб бормоқда.
Каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ҳимоянинг ўнг қанотини мустаҳкамлашни сўраган. Айни пайтда клуб скаутлари бу позицияга таклиф этилиши мумкин бўлган ўйинчилар рўйхатини тузмоқда.
“Барселона”режасини амалга ошириш учун Европа бозорини диққат билан кузатмоқда ва ўнг қанотга жисмонан кучли, ҳимояда ишончли ўйнай оладиган ва қанот бўйлаб самарали ҳужум уюштириш қобилиятига эга ўйинчи қидиряпти.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Барселона” мутасаддилари нигоҳига “Кристал Пэлас”да ўйнаётган Колумбия терма жамоаси ҳимоячиси Даниэль Муньос тушган.
Муньос Колумбияда “Рионегро Агилас” ва “Атлетико Насьональ” жамоаларида ўйнаган. Европага 2020 йили келиб, Бельгиянинг “Генк” жамоасидан қўним топган. “Кристал Пэлас” уни 2024 йилнинг ёзида 8 миллион еврога трансфер қилган эди.



Фикрлар