“Барса” футболчиси Саудияга боради
“Барселона” ярим ҳимоячиси Марк Касадо Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига ўтишга тайёргарлик кўрмоқда.
Marca нашри маълум қилишича, саудияликлар 22 ёшли футболчини қўлга киритиш учун жиддий ҳаракат бошлади. Касадо ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган, аммо бу таклиф молиявий жиҳатдан жуда жозибадор эканини тушунмоқда.
“Барселона” эса трансфердан асосий тўлов ва бонуслар ҳисобидан тахминан 30 миллион евро ишлаб олишни режалаштирмоқда. Каталония клуби жамоа 13 июль куни йиғинни бошлашидан олдин ушбу масалани ҳал қилишни истамоқда.
Касадо “Барселона” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўтган мавсумда 34 та ўйинда қатнашиб, битта голли узатма берган. Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йилгача тузилган. Transfermarkt унинг қийматини 18 миллион евро, деб баҳолаган.

Фикрлар