“Барса” ўз юлдузидан шубҳаланмоқда

“Барселона” раҳбарияти анчадан бери ҳужумкор футболчиси Усмон Дембелени янги битимга кўндира олмаяпти. Франциялик ярим ҳимоячи музокара жараёнларини чўзмоқда.

Дембеленинг амалдаги битими бир йилдан сўнг якунланади.  Клуб президенти Жоан Лапорта ва мураббийлар штаби бу ўйинчи жамоага кераклигини таъкидламоқда.

Дембеле ҳозирча, янги шартнома бўйича таклифларни қабул қилмади ва қарор чиқаришга шошилмаслиги, бор эътиборини Европа чемпионатига қаратишини таъкидлади.

Каталония клуби хўжайинлари франциялик футболчи қитъа чемпионатидан кейин янги шартнома учун катта маош талаб қилиш илинжида музокараларни чўзаётганидан норози бўлмоқда. Шунингдек, улар футболчи бошқа жамоа билан дастлабки келишувни тузиб қўйган бўлиши мумкинлигидан ҳам шубҳаланмоқда.

“Барселона” бу футболчи учун 2017 йилда “Боруссия”га 135 миллион евро тўлаган эди.  Якунланган мавсумда Дембеле жами 44 та ўйинда ўн битта гол ва бешта голли пас муаллифи бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!