"Барса" ва "Интер" ўртасида шов-шувли рокировка бўлмайди
Сўнгги кунларда матбуотда «Барселона» ва «Интер» ўртасида эҳтимолий алмашув битими ҳақида хабарлар тарқалди. Гап шундаки, гўё каталонияликлар миланликлар таркибидаги Федерико Димаркони ўз сафига қўшиб олишни режалаштираётгани, битимга эса асосий таркибдаги ўрнини йўқотган 22 ёшли Алехандро Бальде ҳам қўшилиши мумкинлиги айтилган эди. Аммо ишончли манбалар бу маълумотларни рад этмоқда.
Футбол бўйича машҳур инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, клублар ўртасида Бальде ва Димаркони алмашиш бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти. Унинг таъкидлашича, айни пайтда бундай сценарий умуман кун тартибида турмаган экан.
Яна бир таниқли инсайдер Николо Скира ҳам «Интер» раҳбарияти Федерико Димаркони қўйиб юбориш ниятида эмаслигини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, миланликлар 28 ёшли қанот ҳимоячиси билан шартномани узайтириш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Transfermarkt портали баҳосига кўра, ҳар икки футболчининг трансфер қиймати 50 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар