"Барселона" Маркус Рэшфорддан юз ўгирди
Испаниянинг амалдаги чемпиони "Барселона" 28 ёшли чап қанот ҳужумчи Маркус Рэшфордни "Манчестер Юнайтед"дан тўлиқ сотиб олмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
Футболчининг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан каталонияликлар клуби номини олиб ташлаган.
Манбага кўра, бундай қарорга асосий сабаб сифатида яқинда "Ньюкасл Юнайтед" таркибидан 25 ёшли Энтони Гордоннинг "Барселона"га қўшилгани кўрсатилмоқда. У ҳам Рэшфорд билан бир хил — чап қанот ҳужумчиси позициясида ўйнайди.
Ҳозирча Маркус Рэшфорд учун асосий даъвогарлар сифатида "Бавария" ва "Реал" тилга олинмоқда. Хабарларга кўра, "Бавария" футболчини 30 миллион евро атрофидаги миқдорга сотиб олишга тайёр. Transfermarkt портали маълумотича, Рэшфорднинг бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил этади.
Маркус Рэшфорд 2025/2026 йилги мавсумда «Барселона» шарафини ижара асосида ҳимоя қилди. У Ла Лигада 32 ўйинда майдонга тушиб, саккизта гол урди ва тўққизта голли узатма муаллифига айланди.

Фикрлар