"Башакшеҳир"да янги юлдуз порламоқда!
“Истанбул Башакшеҳир” сафида тўп сураётган Бертуғ Йилдирим жамоанинг ҳақиқий “сеҳрли таёқчаси”га айланиб бормоқда. 23 ёшли ҳужумчи асосан захирадан майдонга тушиб, қисқа вақт ичида ўйин тақдирини ҳал қилмоқда.
Йилдирим жорий мавсум Туркия Суперлигасида “Башакшеҳир” таркибида 9 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол муаллифи бўлди. Эътиборлиси, ушбу голларнинг барчасини у захирадан ўйинга қўшилиб киритган. Футболчи жами 140 дақиқа майдонда ҳаракат қилган бўлиб, ҳар 35 дақиқада битта гол киритмоқда.
Ҳозирда Йилдирим жамоа тўпурарлари рўйхатида Элдор Шомуродовдан кейинги ўринда бормоқда. Агар у шу суръатда ўйинини давом эттирса, яқин келажакда “Башакшеҳир” ҳужум чизиғининг асосий фигураси бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот учун, клубнинг энг яхши тўпурари Элдор Шомуродов ҳисобланади. Ўзбекистонлик форвард жорий мавсум 20 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урган.
Фикрлар