"Бавария" Компани истаган футболчини олиб бермади
«Бавария» бош мураббийи Винсент Компани ёзда жамоага яна бир юқори даражадаги футболчини олиб келишни режалаштирган, аммо мюнхенликлар раҳбарияти бу ташаббусни маъқулламади.
Аввалроқ клуб «Айнтрахт» (Франкфурт)дан 50 миллион евро эвазига Натаниэль Браунни, шунингдек, худди шу миқдорга ПСВдан Исмаэль Сайбарини сотиб олган эди. Компани шу икки трансфер билан чекланиб қолмасдан, шунга яқин даражада яна бир кучли футболчи билан таркибни мустаҳкамлашни истаган.
Бироқ клуб раҳбарияти бошқа йўлни танлади. Улар захира жамоа ва ёшлар таркибидан етишиб чиқаётган футболчиларни асосий жамоага босқичма-босқич қўшиш стратегиясига амал қилишни маъқул кўрди. Шу мақсадда, «Бавария» 18 ёшли Бары Сапоко Ндиайени тўлиқ сотиб олишга рози бўлди. Маълумотларга кўра, бу қарор, аввало, Компани ташаббуси билан қабул қилинган.
Ёшлардан яна икки футболчи — 19 ёшли ярим ҳимоячи Тим Биндер ва 17 ёшли вингер Майкон Кардозу ҳам асосий таркибда ўйнаш имкониятига эга бўладиган номзодлар сифатида кўрилмоқда. Биндер мавсумолди йиғиндан сўнг шартномасини 2030 йилгача узайтирди. Кардозу эса елкасига қилинган жарроҳлик амалиёти туфайли камида уч-тўрт ойга сафдан чиқди.
- Биз энди ҳеч кимни сотиб олмаймиз. Жамоамиз таркибидан ва уни қандай шакллантирганимиздан жуда мамнунмиз, - деди «Бавария» спорт директори Кристоф Фройнд.

Фикрлар