"Бавария" ва "Реал"да ўйнаган Алаба оддийроқ жамоа таклифига кўнмади
Мадриднинг «Реал» ва Мюнхеннинг «Бавария» жамоалари таркибида ўйнаган марказий ҳимоячи Давид Алаба «Лацио» таклифини рад этди.
Рим клуби австриялик футболчига бир мавсум учун 3 миллион евро маош таклиф қилгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, 34 ёшли тажрибали ҳимоячи бу вариантга рози бўлмагани қайд этилмоқда, дея ёзади Transfer News Live нашри La Corriere dello Sport манбасига таяниб. Ҳозирча марказий ҳимоячи клубсиз қолмоқда.
Давид Алаба ўтган мавсум якунлангач, шартномаси тугаб, «Реал»ни эркин агент сифатида тарк этган эди. У мадрид клуби шарафини беш йил давомида ҳимоя қилди. Бундан олдин эса ўн йил давомида «Бавария» сафида майдонга тушган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда «Лацио» таркибини марказий ҳимоячи Алессио Романьоли тарк этди. У ўз фаолиятини Қатар чемпионатида давом эттиришни танлаб, «Ас-Садд» клубига ўтди.

Фикрлар