Бахтиёр Ашурматов: Мураббий сифатида ҳозирча ўзимни тўлиқ намоён эта олмадим
Бахтиёр Ашурматов бошқарувидаги ОКМК жамоаси барибир кучли олтиликка кира олмади ва энди курашни пастки олтиликда давом эттиради. Аммо у ерда ҳам интрига бор. Боиси, ҳеч ким про-лигага тушиб кетишни ёки плей-оффда қолиб кетишни истамайди. Шунинг учун ҳамма жамоалар қатори олмалиқликлар ҳам астойдил курашиши аниқ. Ашурматов эса дастлабки босқич ва кейинги режалар ҳақида гапирди.
Биринчи босқич ҳақида
- Гапнинг очиғи биринчи босқичдан мураббий сифатида менда икки хил таассурот қолди. Салбий томони шундаки, биз ўз олдимизга кучли олтиталикка киришни мақсад қилиб қўйгандик. Афсуски, бу вазифани уддалай олмадик. Гарчи охирги бешта турдан тўрттасида ғалаба қозонганимизга қарамасдан тўплаган очколаримиз кучли олтиликка киришга етмади. ОКМКни қабул қилиб олганимдан кейин тўртта ғалабасиз серияни ўтказганимиз барибир ўз таъсирини ўтказди. Айниқса, ўз майдонимизда “Нефтчи” билан дуранг ўйнаб икки очкони йўқотиб қўйганимиз охирига келиб жуда билинди. Натижада кучли олтиликка кириш имкониятидан маҳрум бўлдик. Энди ижобий тарафлари ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоани қабул қилиб олганимдан сўнг футболчиларнинг машғулотларга бўлган қарашлари, ўйинга бўлган муносабатлари ўзгарди. Бу эса албатта яхши ҳолат. Боиси, шундан кейин футболчиларимиз мен хоҳлаган ўйинни кўрсатишни бошлашди. Шунингдек, дастлабки ғалабани қўлга киритганимиздан кейин йигитларимизда ўз кучларига бўлган ишонч ҳам ортди. Натижада ғалабаларимиз кўпайди. Аммо бу ҳам камлик қилди. Яна бир ёқмаган жиҳати шу бўлдики, биринчи босқичнинг охирги турида “Металлург”га қарши учрашувда мағлубиятга учраганимиз кайфиятимизни тушириб юборди. Айнан ОКМКда иш бошлагач, дастлабки тўртта ўйиндаги ғалабасиз серия ва охиридаги “Металлург”га бой берилган ўйин мени жуда ҳам ранжитди. Лекин боя айтганимдек, футболчиларимизнинг ишга бўлган ёндашуви менга ёқди. Кейинги босқичга айстойдил тайёргарлик кўришга ҳаракат қиляпмиз. Бемалол айтиши мумкинки, қуйи олитиликда ҳам кучли жамоалар йиғилишган. Масалан, “Қўқон-1912” ёки ўзбек футболининг охирги пайтлардаги етакчиларидан бирига айланиб бораётган “Насаф”ни кўрсатишим мумкин. “Сўғдиёна” эса ўз таркибини кучли легионерлар билан кучайтирган. “Нефтчи” ҳам охирги пайтларда яхши ўйин кўрсатяпти. “Қизилқум”ни ҳам унутмаслик керак, боиси уларда ажойиб таркиб бор. Ўйлайманки, пастки олтиталикда ҳам томошабоп ва шиддатли ўйинлар кўп бўлади. Бу ерда ҳам кўпроқ ғалабалар қозонишимиз лозим. Афсуски, энди қандай ўйнашимиздан қатъий назар фақат 7-8-ўринларга курашишимиз мумкин холос. Биз тайёргарлигимизнинг бир қисмини Чимён тоғ ён бағирларида ўтказдик. Бир томондан биринчи босқичдан сўнг футболчиларга у ерда дам олиш имконини берган бўлсак, иккинчи томондан муҳим ўйинлар олдидан йигитларнинг жисмоний ҳолатини меъёрига келтириш ва шу билан чемпионатга тайёр ҳолда олиб келишимиз лозим эди. Шу боис 8 кун давомида Чимёнда тайёргарлик кўрдик.
Иккинчи босқич
- Футболчиларимизда мотивация йўқ? Биз бу фикрдан йироқдамиз. Қуйи олтиликда охирги ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри про-лигага тушиб кетади. 11- ва 10-ўрин эгалари эса про-лигадаги 2- ҳамда 3-ўрин соҳиблари билан плей-офф ўйинида қатнашади. Шу сабабли менимча, интрига охиригача сақланиб қолади. Айтиб ўтганимдек, шиддатли ва мухлисларга ёқадиган ўйинлар бўлади. Масалан, биздан кейинги ўриндаги “Қўқон-1912” билан ўртамиздаги очколар фарқи учта. “Насаф” билан ОКМКда 16 тадан очко бор. “Қизилқум”да эса 19 та. Шу боис ҳеч бир жамоанинг бўшашишга ҳаққи йўқ. “Сўғдиёна” билан “Нефтчи” ҳам Суперлигада жон сақлаб қолиш учун охиригача курашишади. Гарчи кучли олтиликка кира олмаган бўлсак-да, энди ўз ўйинимиз билан ўрнимизни сақлаб қолишимиз керак.
Милош Трифунович тўғрисида
- Милош Трифуновични “Бунёдкор”даги ўйинлари орқали яхши биламан. Тўғри, орадан бир неча йиллар ўтди. Шу боис ҳозирда у ёши ўтиб бораётган ҳужумчи ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам у маҳоратли футболчи. Унинг имкониятларини яхши билардик. Вадим Чемиртан жамоамиздан кетганидан сўнг бизда ҳужум чизиғимизда муаммолар пайдо бўлди. Камол Мурзоев жароҳатидан кейин ҳали спорт формасини тиклаб олмаганди. Зафар Полвонов ҳам бор, аммо бизда кўпроқ голлар урадиган ҳужумчи йўқ эди. Шунинг учун Трифуновични голлари билан жамоамизга ёрдам беради, деган мақсадда таклиф қилгандик. Аммо унинг жамоамизга киришиб кетиши осон бўлгани йўқ. Аста-секин ўз ўйинини топиб боряпти ва умид қиламанки, иккинчи босқичда янада кўпроқ ёрдам бера олади. Яъни, кучли футболчилигини ва бежизга таклиф қилмаганимизни ўз ўйинлари билан исботлайди.
Мураббийлик салоҳияти хусусида
- Мен ишлаган жамоалардан икки хил таассуротлар қолган. Масалан, “Навбаҳор”ни қийин пайтда қабул қилиб олгандик ва ёмон жамоа тузмагандик. Аммо медаллар учун кураша олмагандик. “Андижон”да эса айрим сабабларга кўра кўп ишламадим. Улуғбек Бақоев билан биргаликдаги ишимиз эса ёмон бўлмади. Биз “Бухоро”да яхши жамоани ташкил қилишга муваффақ бўлдик. Мени ОКМКга чақиришганида Бақоев билан бу масалада маслаҳатлашгандим ва менинг мустақил ишлашим кераклигини айтиб омад тилаганди. Натижада “Бухоро” раҳбарлари билан келишган ҳолда Олмалиқ жамоасини қабул қилиб олдим. Икки йил давомида мустақил ишламагандим. Шунинг учун бош мураббийликда ишлашга иштиёқим баланд эди. Барибир мавсум давомида йўқотилган очколар якунда ўз таъсирини кўрсатди. Яхши ўйинлар кўрсатиб турсак ва кейинги мавсумда ҳам ОКМКда ишлаш насиб қилса, айнан янги чемпионатда иштирокимизга қараб менинг мураббийлик салоҳиятимга баҳо бериш мумкин бўлади. Мураббий бўлганимдан бери бир жамоада кўп йиллар ишлай олмаяпман. Шунинг учун менинг қанақа мураббий эканлигимга баҳо бериш мураккаброқ кечяпти. Олмалиқда эса кўпроқ ишлаш ниятим бор. Агар раҳбарият бизга ишониб туришса, вақти келиб медаллар учун курашадиган жамоани тузишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев
Фикрлар