Бахтиёр Ашурматов "Пахтакор"дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятга изоҳ берди
Ўзбекистон Кубоги ярим финал доирасидаги “Қўқон-1912” – “Пахтакор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қатнашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Мавсумдаги охирги ўйин бўлди. Мавсумни юқори савияда ўтказганлари учун футболчиларимга, бизга яхши шароитларни яратиб берган жамоамиз раҳбариятига ҳамда қадрдон мухлисларимизга миннатдорлик билдираман. Бу мавсум шуни кўрсатдики, бизда умид ва ишонч бор. Асосийси, мухлисларимизда бизга нисбатан ишонч пайдо бўлди. Ўйлайманки, кейинги йилда жамоамиз янада кучаяди. Йигитларимизга қилган меҳнатлари учун яна бир бор раҳмат айтаман.
"Пахтакор" кучли жамоа, улар ҳаққоний ғалабага эришди. Лекин натижа ўйинга мос бўлмади. Футболчиларимиз 0:3 ҳисобидаги мағлубиятга лойиқ эмасди. Футболчиларимиз борларини беришди. Уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Рақиб сафида яхши ижрочилар йиғилганлиги, захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ўйинни кучайтира олгани якунда ўз сўзини айтди. Учрашув олдидан таркибимиздаги йўқотишлар ҳам ўйинимизга таъсир қилди. Захирамизда ўйинни кучайтирита оладиган футболчилар қолмаганини ҳам таъкидлаш жоиз. Мухлислар хужумни кучайтиришни талаб қилишди. Норбековни туширдик, афсуски, Шоҳназар ўйинга тайёр эмас эди. Энди янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрамиз.
Легионерларимиз 11 ой давомида уйларига боришмаганди. Биласизлар, Йосович жароҳатланганди. Барибир у қолган баҳсларда майдонга туша олмасди. Шуни ҳам инобатга олган ҳолда легионерларга рухсат бердик. Иван янги мавсумда ҳам жамоамиз сафида ўйнаши мумкин.
Йил давомида меҳнат қилган мураббийлар штабига, шифокорларимизга ва барча ходимларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Натижаларда барчаларарининг ҳиссаси катта, - деди Бахтиёр Ашурматов.
Фикрлар