Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг

Бизнинг бугунги мақоламиз қаҳрамони футбол ишқибозларига, айниқса, ёши улуғ ҳамда зукко мухлисларимизга яхши таниш бўлган Бахтиёр Ҳамидуллаевдир. Ўз вақтида унинг ўйинларини кўрган мухлислар ҳамиша Ҳамидуллаевнинг ҳатти-ҳаракатларидан, голларидан завқланишгани ҳам кўп гапиришади. Ишқибозлар эса унга “Батигол” деб ном беришганди. Футболчилик фаолиятининг катта қисмини “Андижон”да ўтказгани сабабли унинг роса гуллаган даврлари ушбу жамоада кечди. Айниқса, бир неча бор тўпурарлик салоҳиятини кўрсатган ва ўша пайтдаги ёшлар унга ўхшашни ҳавас қилишарди.

“Андижон”дан кетиши ҳақида

Ҳамидуллаев футболчилик фаолиятидан кейин ўзини мураббийликка бағишлашга қарор қилди. Ўтган йили эса у ўзи учун қадрдон бўлган “Андижон” жамоасининг U-21 таркибига бошчилик қила бошлади. Натижалар ҳам чакки эмасди, бироқ мавсум якунидан кейин Ҳамидуллаевнинг у ердан кетгани маълум бўлди ва ҳозирда U-21 жамоасини бошқа мураббий бошқармоқда. Авваламбор, Бахтиёр у ердан нима учун кетганига ойдинлик киритди.  

- Аслида ўтган йили “Андижон” клуби билан бир йиллик шартнома тузгандик. Ушбу муддат тугаб, янги мавсум учун тайёргарлик бошланганидан сўнг менга клубдан қўнғироқ қилиб, ўтган йилги ишлар учун миннатдорлик билдиришди ва энди бу йилдан U-18 ва U-21 жамоаларига, ўзимизнинг академиядаги тарбияланувчиларга кўпроқ эътибор қаратишларини айтишди. Хуллас, шу тариқа, “Андижон”даги фаолиятим тўхтади.

Албатта, ўтган йили “Андижон”нинг ёшлар жамоасидаги ишимдан қониқиш ҳосил қилдим. Аммо ўринбосарлар жамоасига бўлган шароит унчалик яхши эмасди. Ўйлайманки, шунга қарамай, ёмон натижа қайд этмадик. Агар бир-иккита хатоларга йўл қўймаганимизда бемалол совринли ўринлар учун курашадиган жамоани  шакллантира олгандик. Режамиз бўйича ўша таркиб билан бу йил чемпионликни ҳам қўлга киритишга курашиш ниятимиз бор эди. Ўзимизнинг ҳаракатларимиз ҳам аслида шунга қаратилганди.

Лицензия олишдаги қийинчиликлар тўғрисида

Боя таъкидлаганимиздек, “Батигол” футболчилик фаолиятидан кейин ҳам ўзини яна ёқтирган спорт турига бағишлаган ҳолда мураббийликка қадам қўйишга қарор қилди. Бироқ футболда ном қозонган Бахтиёр Ҳамидуллаевни бу борада ҳали мураббийликда кўрганимиз йўқ. Ёки бунинг учун унда тўсиқлар пайдо бўляптими? Балки ҳали мураббийликда ўзини кўрсатиши учун бироз вақт керакдир. Албатта, бунинг учун янада ўқиб, изланиши талаб этилади. Бу масалада Ҳамидуллаевнинг муносабатини билишга қизиққанимизда лицензия олишда қийинчиликларга дуч келганини ва тизимда қандай муаммоларга дуч келгани ҳақида маълум қилди.    

- Ҳозирги пайтда Ўзбекистон футбол ассоциациясига мураббийлик ўқиши учун борганлар анча енгиллик бўлибди, деб айтишяпти. Лекин 5-6 йил олдин у ердаги вазият бундай эмасди. Масалан, футболчилик фаолиятимни тугатганимга 8 йил бўлган бўлса, шунинг 6-7 йилини федерацияга бориб келиш билан ўтказганман. Ўша пайтларда федерацияга бориб, лицензия бўлимига кирсам устимдан кулишарди. Мураббийларни ўқитадиган мутахассис Усмон Тошев менга, сен футболдаги натижаларинг ва меҳнатларинг орқали бемалол “В” лицензиясидан бошлаб ўқисанг бўлаверади, дерди. Мен эса шунга қарамай, ўқишни “С”дан бошлаганман ва федерацияга бориб, “С” лицензиясини олганман, энди “В” учун тезроқ ўқишим керак, вақт ўтиб кетяпти десам, у ердагилар устимдан кулишганди. Ўшанда мураббийликка ўқиётганларни кўрсангиз эди... Агарда мен бошқа соҳа одами бўлиб, айтайлик савдогар ёки бирор-бир заводда ишлаб туриб, уларнинг ёнига бориб, пул бериб мени ҳам ўқишга қўшиб қўйинглар, десам бу бошқа гап. Аммо ўзим футболнинг ичидан чиққан инсон сифатида яна мураббийлик таълими учун пул бериб, ўқишим нотўғрида. Шундан кейин Қирғизистон футбол федерацияси билан гаплашганман. Масалан, ўзимиздагилар қанча ҳужжат тайёрлаб келсам ҳам у кам, бу кам деяверишарди. Қирғизистонликлар эса паспортим, “С” лицензиям ва олий маълумотлик ҳақидаги дипломимни олишди ҳамда улар ҳужжатларимни ОФКга юбориб жавоб хати олишгач, менга келавер, ўқишинг мумкин экан дейишди. Натижада “В” лицензиясини ўша ердан олдим. Яна шунда ҳам бу лицензия ўзимизга ўтмайди дейишди. Унда мен нима қилишим керак? Академиядаги мураббийларни ўқитаётган бўлса, унда бизга қачон навбат келади? Бошқаларни мураббийликка ўқитишдию, аммо уларнинг бошчилигидаги болаларнинг ўйинини кўрсангиз, яхши ҳолатда эмас. Кўчадан келиб мураббийлик учун ўқиб кетганлар ёшларга тўғри тизимни ўргата олишмаяпти. Мана, ўтган йили ўринбосарлар жамоасидаги ишимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 18-19 ёшдаги ўйинчилар келишади ва улар шу пайтгача футболни қандай ўйнаш ва нима қилиш кераклигини бунгача ўзларининг мураббийларидан ўрганиб бўлган бўлишлари керак эди. Аммо иш бошлаганимда дастлабки 2-3 ой давомида уларнинг мияларини футболга тўғрилаш билан вақт ўтказдик. Ишонасизми, уларни зўрға футболчи сифатида тарбиялаб олдик.

Яқинда тожикистонлик Тоҳир Мўминов менга қўнғироқ қилиб, ёзда “А” лицензияси учун ўқиш бўлар экан, сени ҳам рўйхатга қўшиб қўяйми, ўзим ёрдам бераман деганди. Шунингдек, қирғизистонликлар билан алоқам бор ва уларга ҳам “А” лицензияси учун ўқиш ниятим борлиги ҳақида айтганман. Лекин аввало яна бир бор ўзимизнинг ассоциацияга бориб кўраман. Яқинда собиқ футболчилар – Лочин Солиев, Муқим Тошматов кабилар ҳам лицензия учун ўқишганини, вазият анча ўзгарганини, бемалол бориб ўқишим мумкинлигини айтишди. Агар ростдан вазият ижобий томонга ўзгарган бўлса, ўзимизда ўқишга нима етсин. Менга ҳам Тожикистон ёки Қирғизистонга бориб ўқиш ҳавас эмас.

хамидуллаев2

Бугунги чемпионатимиз мавқеи Ҳамидуллаевни қониқтирмаслиги хусусида

Дарҳақиқат, кўпчилик олдинги чемпионатнинг савияси бир мунча юқорироқ эканлиги ҳақида гапиришади. Айниқса, унда бевосита иштирок этган собиқ футболчилар бундай вазиятда бугунги ва олдинги футболимизни яхшироқ солиштира оладилар. Шундай экан, собиқ ҳужумчи ҳам ўзи ўйнаган пайтдаги чемпионат билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқ катта эканлигини очиқ айтди.

- Ҳозир ўзбек футболини яхши ҳолатда дея олмайман. Олдин биз ўйнаган пайтдаги чемпионатнинг савияси анча баланд эди. Олий лигага ўтишдан олдин мен биринчи лигада Ислом Аҳмедов устозлигидаги “Шаҳрихон” жамоасида ўйнаганман. Ишонасизми, ўша пайтдаги жамоамиз ҳозирда Суперлигада совринли ўринлар учун курашаётган клублар билан бемалол рақобатлаша оларди. Мен ҳозир биринчи лига жамоаси ҳақида гапиряпман. У пайтда олий лига деганда, у ерда қандай қилиб ўйнарканмиз, эплаб кета олармикинмиз деб ўйланардик. Масалан, ўзим ҳам бошида биринчи лигада ўйнаб юрган кезларимда олий лигада тўп суришимни ақлимга сиғдира олмасдим. Чунки футболчилар анча бақувват бўлишган. Тўғриси, ўша пайтдаги футбол билан ҳозирги футболимиз ўртасида катта фарқ бор. Афсуски, ҳозирги пайтда футболимиз орқага кетган. Дуч келган одамларни пойма-пой мураббийликка ўқитаверишди ва улар энди қандай футболчиларни тарбиялашяпти? Афсуски, бошқа мураббийлар ҳам ўзимиздаги ўйинчилар шу экан-да, деб ўшалар билан мажбур ишлаб юришибди.

“Пахтакор”да нима учун ўйнаб кета олмагани хусусида

Зукко ишқибозлар Ҳамидуллаевнинг “Пахтакор”да ҳам маълум муддат фаолият кўрсатганини яхши биладилар. Бунгача “Андижон”да тўпурарлик салоҳиятини кўрсатиб келган ҳужумчига “Пахтакор”дек клубдан жиддий таклиф бўлиши табиий эди. Бироқ андижонлик футболчининг у ердаги фаолияти негадир кўнгилдагидек чиқмаган. Бахтиёр нега “Пахтакор”га боргани ва нима сабабдан у ерни тарк этгани ҳақида ўзи қуйидагиларни гапирди.

- Ўйинчилик пайтимда Ўзбекистондаги барча клубларга исталганча гол уриб, ўзимдаги кучни ҳис қилганман. Мен эса футболчи сифатида янада ўсишни истаганим учун энди ўша голларимни Осиё Чемпионлар лигасида ҳам уришни хоҳлаганман. “Андижон”нинг эса халқаро майдонларда ўйнаш имконияти жуда кам эди, чунки ўртамиёна жамоа эди. Натижада “Пахтакор”дан тушган таклифни қабул қилиб, у ерда ҳам тўпурарлик маҳоратимни кўрсатишни истаганман. Аммо, бориб қарасам у ердаги ҳолат бошқачароқ эди. Халқаро учрашувларда захирада қолиб кетяпман, ўзимизнинг чемпионатда эса ўйнаяпман. Лекин мен учун ўзимизнинг чемпионатда тўп суриш у қадар қизиқ бўлмай қолганди. Чунки боя айтганимдек, Осиё майдонларида ўзимни кўрсатиш иштиёқида эдим. Агар ўзимизнинг чемпионатда ўйнашим керак бўлса, у ҳолда ўзимизнинг “Андижон” жамоасида ҳам ўйнайвераман деган фикрга келганман ва шу боис қайтганман. Лекин “Пахтакор”га ўтиш ҳам катта гап эди, чунки у ерга ҳар кимни ҳам чақираверишмасди.

Ҳа, у ерда одам ажратишлар бўлган. Масалан, биз мавсумга тайёргарликни Туркия ва БААда ўтказганмиз. Эсингизда бўлса, 2002 йили Жанубий Корея жаҳон чемпионатида ҳаммани ҳайрон қолдириб, кучли рақибларни ютган. Биз эса адашмасам, Дубайдаги йиғинимизда Кореянинг қайсидир кучли жамоасига қарши назорат ўйинини ўйнаганмиз. Уларнинг таркибида эса ўша жаҳон чемпионатида ўйнаб, ўзини кўрсатган футболчилар бор эди. Биз эса ўшаларни 3:2 ҳисобида ютганмиз ва мен иккита гол урганман. Умуман, “Пахтакор” билан қишки йиғин давомида Россиянинг бир қатор клубларига ҳам қарши ўйнаганмиз. Деярли барча учрашувларда гол урганман ва ўзимга бўлган ишонч жуда ортган. Бундай вазиятдан кейин ҳисоб бўйича “Пахтакор”нинг асосий таркибида мен ўйнашим керак бўлган. Лекин асосий баҳсларда менга эмас, бошқаларга ишонч билдиришган. Бундай эътиборсизликдан кейин клубдан кетиш ҳақида ўйлай бошлаганман. Бир куни клуб шифокори ёнимга кириб, энди ўзинг ўйнайсан, чунки пистончи футболчи жароҳат олди, бошқаси кетяпти, униси мураббийга ёқмаяпти, энди ҳамма эътибор сенга қаратилади, бизда қол деб айтган. Бироқ мен қароримни қабул қилиб бўлгандим ва “Пахтакор”дан кетганман.

ҳамидуллаев3

Бугунги ҳужумчилар ҳақида Ҳамидуллаев қандай фикрда?

Тан олайлик, илгаргидек, Зафар Холмуродов, Умид Исоқов, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Жаъфар Ирисметов, Анвар Бердиев, Рустам Дўрмонов ва бошқалардек тўпурар ҳужумчилар деярли қолмади ҳисоб. Ўз ўрнида Ҳамидуллаев бугунги ҳужумчилар ҳақида фикр билдирар экан, шундай деди:

- Ҳозирда голга чанқоқ ҳужумчиларимиз жуда кам. Масалан, биз ўйнаган пайтда тўпурарлик учун ҳам жиддий кураш кечарди. Айтайлик, Жаъфар Ирисметов 40 дан ортиқ гол урган бўлса, мен 30 дан зиёд гол урганман. Ҳозир эса бутун бошли жамоа мавсум давомида шунча гол ура олмаяпти. Селекция ишларига янада жиддийроқ қараш керак. Масалан, ўзимизнинг Андижонда ҳам иқтидорли ёшлар кўп. Шунчаки, уларни истаб топиб, имконият бериш ва ўйнатиш керак. Бироқ ана шундай иқтидорларни топа биладиганлар кам. Лекин болалар футболида бошқача ҳолатлар ҳам бўлар экан. Масалан, боланинг ота-онаси пул берса, унинг фарзандига кўпроқ эътибор бўлиб қоляпти. Ҳақиқий иқтидорлар эса бир чеккада қолиб кетишяпти.

Ҳозирда Черан голлар уряпти, унда тажриба бор. Агар у янада ёшроқ бўлганидами, бундан-да кўпроқ голлар урарди. Барибир унда тажриба катта ва шунинг эвазига голлар уришда давом этяпти. Унинг ўйинлари яхши чиқяпти.

Хўш, Ҳамидуллаевнинг кейинги режалари қандай?

Ўзини аллақачон мураббийликка бағишлаган Бахтиёр бундан кейин ҳам шу соҳада ишлашда давом этишини маълум қилган ҳолда навбатдаги режалари ҳақида шундай деди:

- Тўғриси, бу йил “Андижон” ёшлари билан чемпионликка курашмоқчи эдик. Аммо шартномам тугагани боис у ердан кетдим. Бу вазиятда ҳеч кимдан хафагарчилик йўқ. Мен ҳаммасини тўғри тушундим. Биласиз, Шаҳрихонда ҳам футболни қаттиқ севишади. Мухлислар эса Шаҳрихонда жамоа ташкил қилишимизни исташяпти. Футболни безайдигани – булар ишқибозлар. Агар стадионга мухлислар келмаса у ерда ишлагингиз ҳам келмайди. Лекин Шаҳрихонда мухлислар жуда талабчан ва фаол. Шундай жонкуяр ишқибозлар учун албатта у ерда ҳам жамоа бўлиши лозим. Ҳозирги карантиндан эсон-омон ўтиб олсак, Шаҳрихонда жамоа ташкил қилиш ниятимиз бор.

“Андижон” ва Хомяков тўғрисида

“Андижон” учун бегона бўлмаган ва муваффақиятли фаолиятини ўша ерда ўтказган собиқ футболчи сифатида у доим ушбу жамоа учун қайғуриб келади. Бахтиёр эса шу ўринда “Андижон” жамоасининг бугунги ҳолати ҳамда бош мураббий Александр Хомяковнинг истеъфоси ҳақида ҳам ўзининг муносабатини бирдирди.

- Андижон футболида барибир нимадир қилиш керак-да. Охирги йилларда клуб орқага кетди. Қуйи лигадан кучлилар орасига чиқиб олса, у ерда бир йил қолса қолади, аммо кейин яна орқага қараб кетади. Демак, ниманидир ўзгартириш керак. Фараз қилинг, касал инсон даволаняпти, аммо унга нотўғри ташхис қўйиб бошқа жойларини даволайверишади. Натижада бемор тузалмасдан ётаверади. “Андижон” жамоасини шу ҳолатга ўхшатаман.

Хомяков масаласига келсак, у менга ёқди. У яхши мураббий экан. Менимча, мураббий ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди. Бу иш клуб томонидан амалга оширилгани йўқ. Хомяков ёшларга эътибор қаратишни яхши кўради, у ҳам йўқ жойдан бор қилишга ҳаракат қилганди. У ўзи истаган футболчиларни олиб келмади, фақат ихтиёридаги бор ўйинчилардан фойдаланиб ишлади.

ҳамидуллаев4

Фаолиятидаги энг яхши мураббий ким?

Ҳамидуллаев фаолияти давомида “Андижон”дан ташқари “Пахтакор”, “Нефтчи”, “Олмалиқ” каби клубларда, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам тўп сурган. Натижада у бир қатор кўпни кўрган, тажрибали мутахассислар билан ҳам бирга ишлаган. Шу ўринда фаолиятида ўчмас из қолдирган мураббий ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Ҳар доим айтганман, Сергей Шевченко фаолиятимда катта из қолдирган. У биринчи лигага бориб, мени топиб, ўйнатиб юборган. Демак, мендаги ниманидир ҳолатни сезган. Ўша йилнинг ўзиданоқ менда ўсиш бошланганди. Ҳолбуки, ўша пайтда мен ўзимга ишонмагандим, бироқ Шевченко мени ҳамма нарсага ишонтириб юборганди. Унгача ҳам мени Виктор Борисов ”Андижон”га таклиф қилганди. Ўшанда у билан ҳам учрашганимда ҳали олий лигада ўйнашга тайёр эмасман, чунки ўзимга ишонмаяпман дегандим. Шундан кейин 3-4 ой ўтиб, биринчи даврадан сўнг Шевченко мен билан гаплашган ва унга ҳам Борисовга айтган гапларимни такрорлаганман. Аммо у сен аввал бориб кўр, ёқмаса қайтиб кетаверасан деб олиб кетган ва шу билан унинг жамоасида қолиб кетганман. Эсимда, дастлабки учрашувда “Сурхон”ни 5:1 ҳисобида ютганмиз, кейинги турда эса “Янгиер”ни 6:3 ҳисобида мағлуб этганмиз ва мен учта гол урганман.

  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)