
Карло Анчелотти: "Бироздан сўнг фақат "Реал"ни бошқаришим мумкин"
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти ўз режалари ҳақида гапирди.
Футболда "Реал" мураббийи бўлиш дунёдаги энг қийин иш ҳисобланади. Бразилия терма жамоаси иккинчи ўринда турса керак?
"Йўқ, йўқ. Иккаласи ҳам ажойиб касб. "Реал"ни узоқ вақт бошқариш жуда юқори даражадаги тажриба эди. Жаҳон чемпионатида Бразилияни бошқариш ҳам шунчалик муҳим".
Анчелотти бразилиялик мухлисларнинг илк кунданоқ самимий муносабатини ҳис қилганини таъкидлади:
"Аэропортда кутиб олишгани, кўчада, пляжда қўллаб-қувватлашлари мен учун катта куч берди. Шу боис, Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишимизни жуда умид қиламан".
Италиялик мураббий Бразилия терма жамоасига ишга келишини "эмоция ва муҳаббат қароридир" дея таърифлади. У 1970 йилги Бразилия – Италия финалини эслаб ўтди, аммо ўша пайтда Италияни қўллаб-қувватлаганини қўшимча қилди.
"Бироқ энди Бразилия оиласининг бир қисмига айландим. Агар Бразилия Италияга қарши ўйнаса, бу жуда қийин бўлади. Аммо ғалаба қозонувчи Бразилия бўлишини истайман", – деди Анчелотти.
У шунингдек, ўзининг мураббийлик келажагига ойдинлик киритди:
"Бразилиядан кейин бошқара оладиган ягона жамоа – "Реал". Аммо бу содир бўлишини ўйламайман. Ҳозир бир йиллик шартнома тузганман, кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки яна икки йилга қолармиз, балки тўрт йилга. Ҳатто кейинги Жаҳон чемпионатигача тайёргарлик кўришимиз мумкин".
Шу сабаб, Карло Анчелотти ҳозирги кунда Бразилия терма жамоасида ишлашидан жуда бахтли эканини алоҳида қайд этди.
Comments