Байрамга тайёргарлик ёхуд "Локомотив"нинг шериги аниқ...ми?
Чемпионатимизда кичик карвон манзилига яқинлашиб қолди. Гап Суперлигадан кейинги ўринда турувчи про лига ҳақида кетмоқда. Яқинда Тошкентнинг “Локомотив” клуби муддатидан илгари Суперлига йўлланмасини нақд қилиб қўйганидан хабардор бўлсангиз керак.
Барчани иккинчи йўлланма эгаси кимга насиб қилиши қизиқтиряпти. Бунинг учун иккита асосий номзод бўлиб, улар “Динамо” билан “Қўқон-1912” жамоалари эканини яхши биласиз. 9 октябрь куни ушбу клублар про лиганинг 20-турида Қўқонда куч синашдилар. Бу жамоалар учун муҳим ва ҳал қилувчи ўйин каби катта аҳамиятга эга эди. Айниқса, “Қўқон-1912” учрашувда ғалаба қозонадиган бўлса, “Динамо”дан олдинга ўтиб олиши ва тўғридан-тўғри Суперлигага йўл олиш имкониятини яхшилаб олиши мумкин бўларди. Шунинг учун клублар ғалаба учун қаттиқ курашишди. Лекин уч очкони қўлга киритиш ҳеч кимга насиб этмади ва жамоалар фақат бир очкодан бўлишиб олдилар.
Бу дурангдан ким ютди? Албатта, “Динамо”. Боиси, улар ўз ўрни – 2-поғонани сақлаб қолди. Про лига якун топишига бор-йўғи иккита тур қолди. Эътиборлиси, “Динамо”да иккита, “Қўқон-1912”да битта ўйин қолди. Ҳозирги шу ҳолатга кўра қўқонликлар “Динамо”дан битта кўп ўйин ўтказишган. Шу боис охирги иккита турда самарқандликлар тўлиқ ўйинларини ўтказадилар. 14 октябрь санасида “Динамо” ўз уйида “Ғиждувон”ни қабул қилади. Вадим Абрамов жамоасида муддатидан аввал Суперлигага чиқиш имкониятини ўз қўлида сақлаб турибди. Бунинг учун “Ғиждувон”ни мағлуб этишлари лозим. Биринчи даврада “Динамо” ушбу рақиби билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Бу сафар самарқандликлар ғалаба учун бор кучини ишга солиши аниқ.
“Қўқон-1912” сўнгги турда айнан сафарда “Ғиждувон” меҳмони бўлади. Қўқондаги дуранг мезбонлар учун қониқарли натижа бўлмаганини ушбу вазиятдан ҳам билиб олса бўлади. Агар “Динамо” 14 октябрь куни ғалаба қозонса, байрам бўлади ва ўтган йили Суперлигадан тушиб кетган икки жамоа яна ўз жойига қайтишни уддалаганига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун Самарқанд жамоаси байрамга тайёрланаётган бўлса ажаб эмас.
“Қўқон-1912”да ҳали ҳам Суперлига учун имкон бор. Фақат бунинг учун 3-ўринни сақлаб қоладиган бўлса, 4- ва 5-ўрин эгалари плей-оффда ўйнаб, сўнг ютгани “Қўқон-1912”га рақиб бўлади. Унинг ғолиби эса кейин Суперлигада 12-ўринни эгаллаган клуб билан беллашади. Аммо қўқонликларда ҳам тўғридан-тўғри Суперлигага чиқиш имконияти йўқ эмас. Шарти шундаки, “Динамо” иккита учрашувда ютқазиши, “Қўқон-1912” эса ягона қолган ўйинида ютиши керак бўлади. Вазият шундай тус олишига ишонасизми?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар