Бекзод Абдураҳмоновга жиддий рақобатчи пайдо бўлди ёхуд 74 кг вазнда Токио Олимпиадаси фаворитлари кимлар?
Ҳозирги кунда барча спортчиларнинг биринчи навбатдаги мақсади Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш, лицензияга эга чиққанлар эса, тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирига муносиб ҳозирлик кўриш, десак янглишмаган бўламиз.
Ўзбекистонлик эркин курашчилар ҳам бундан мустасно эмас, айниқса, 74 кг вазн тоифасида гиламга чиқадиган вакилимиз Бекзод Абдураҳмонов Қозоғистонда бўлган жаҳон чемпионатида йўлланмани қўлга кирита олмаганидан сўнг, олдинда турган турнирларда бу лицензиянга эга чиқишга қатъий бел боғлаган. Бироқ, бу борада унга осон бўлади, деб айта олмаймиз. Чунки унга энди, Ўзбекистон миқёсида ҳам жиддий рақобатчи пайдо бўлган.
Биз унга бу борада бир-иккита савол билан мурожаат қилдик.
- Биринчи навбатда, Токио Олипиадасига лицензия берувчи яна қандай турнирлар мавжуд?
- Осиё чемпионати ва яна бир халқаро мусобақа бор. Ўша чемпионатларда албатта, йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
- Рио Олимпиадаси совриндори Ихтиёр Наврўзов ҳам сизнинг вазн тоифангизда ҳаракат қиладиган бўлди. Демоқчиманки, жиддий рақобат юзага келди. Бунга муносабатингиз?
- Албатта, ҳар бир курашчи хоҳлаган вазн тоифасида курашиши мумкин. Ихтиёр акани бу вазн тоифасига ўтиши яхши бўлди. Чунки фикрни бир жойга жамлаб, янада яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламан.
- Табиийки, сизнинг вазн тоифангизда жуда кучли курашчилар жам бўлган. Токио Олимпиадасида кимлар ўзини кўрсата олади, деган фикрдасиз?
- Ҳар доим вазнимда америкалик ва россияликлар жуда кучли бўлган. Шунингдек, Франк Чамизо ҳам бор. Тўғрисини айтсам, вазнимизда беш-олтита кучли курашчилар бор ва айнан уларнинг ҳар бири Токио Олимпиадасида ғолиб чиқиши мумкин.
- Бу борада сизга омад тилаб қоламиз!
- Раҳмат.
Бекзод Абдураҳмонов: "Ҳабиб Нурмагомедов билан жанг қилган бўлардим"
Фикрлар