Белбоғли кураш бўйича кучлилар сараланмоқда
Бугун 5 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги болалар – ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар (катталар) ўртасида Ўзбекистон кубоги ҳамда 2009-2010 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида мамлакат чемпионати бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик-тақвимидаги мазкур чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафардан ортиқ полвонлар иштирок этишмоқда.
Мусобақада дастлаб, тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Табрик учун сўз олган Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси бош котиби Абдухалил Маликов, Ёзёвон туман ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев, Фарғона вилояти белбоғли кураш федерацияси ижрочи директори Мираншоҳ Рўзиевлар жисмоний тарбия ва спортнинг аҳоли орасида оммавийлигини таъминлашга, спорт турларига, хусусан, миллий спорт турларига алоҳида эътибор қаратилаётгани хусусида таъкидлаб, спортчиларга мусобақада муваффақият тилашди.
Шу тариқа катталар ва ўсмирлар ўртасидаги мазкур мусобақага старт берилди. Беллашувлар 7 ноябргача давом этади.
Фикрлар