Биласизми? "Пахтакор" еврокубокларда иштирок этиши мумкин эди

1968 йил "Пахтакор"нинг Европа Кубок эгалари Кубогида иштирок этишига бир қадамгина етмай қолган.

Евгений Елисеев қўл остида ўйнаган "шерлар" кубок баҳсларини жуда яхши ўтказган. Дастлабки босқичда Батумида "Динамо" билан тўқнаш келган "Пахтакор" мезбонларни 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. Геннадий Красницкийнинг икки голи ғалабани таъминлайди. Нимчорак финални "Пахтакор" Тошкентда ўтказди. "Сокол" дарвозаси олдида бутун ўйин ҳужум уюштириб, Жиленконинг ягона голи эвазига ғалаба қозонилди.

Олдинда эса "Заря"га қарши сафардаги чорак финал беллашуви кутарди. Муросасиз кечган ўйинда мезбонлардан Пинчукнинг голига "Пахтакор"дан Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқов жавоб беради. Ярим финал мухлислар билан тўлган "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган. Донецкнинг "Шахтёр" жамоаси билан тўқнашувда ажойиб футбол кўрсатган тошкентликлар Биродар Абдураимовнинг дубли ва Баҳодир Иброҳимовнинг голи ёрдамида кучли рақиб устидан 3:1 ҳисобида зафар қучган. Финал 8 ноябрь куни Москвадаги Ленин номли стадионда Москванинг "Торпедо" клубига қарши бўлиб ўтган. Кескин кечган беллашув тақдирини биргина гол ҳал қилган. Афсонавий Стрельцовнинг узатмасидан сўнг Савченко тўпни дарвозага йўллаб, москваликларга ютуқ келтиради. Шу тариқа "Пахтакор" финалда имкониятни бой беради.

1/16 финал
"Динамо" Батуми - "Пахтакор" 0:2
Голлар: Красницкий 2та.

Нимчорак финал
"Пахтакор" - "Сокол" 1:0
Гол: Жиленко 73.

Чорак финал
"Заря" - "Пахтакор" 1:2
Голлар: Пинчук - Абдураимов, Исоқов.

Ярим финал
"Пахтакор" - "Шахтёр" Донецк 3:1
Голлар: Абдураимов 2та, Иброҳимов - Губич.

Финал
"Торпедо" Москва - "Пахтакор" 1:0
Гол: Савченко 52.
"Пахтакор": Любарцев, Доценко, Штерн, Науменко, Иноятов, Раҳматуллаев, Варюхин, Бектошев (Исоқов, 74), Абдураимов, Красницкий, Иброҳимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!