"Бир нечта индивидуал совринларни биргина жамоавий совринга алмаштирмайман". "Қизилқум" устози Кубокдаги вазифаси, тўпурар ҳужумчиси ва йирик ғалаба ҳақида

  • 19 август, 2022, 19:10
  • Шуҳратбек Жўраев
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

“Қизилқум” клуби Суперлиганинг навбатдаги турида ўз майдонида аутсайдер – “Динамо”ни қабул қилиб йирик 4:1 ҳисобида рақибини тиз чўктирди. Натижада маҳаллий мухлислар Никола Лазаревич бошчилигидаги жамоанинг ўйинидан ва натижасидан мамнун бўлдилар.

“Қизилқум” ҳар бир баҳсда ишқибозларини мана шундай тарзда ажойиб ўйин ҳамда натижа орқали хурсанд этишни хоҳлайди. Навоийликларнинг мақсади совриндорлар қаторидан жой олиш ва бу йўлда улар охиригача курашишлари аниқ. “Динамо”га қарши беллашувдан сўнг “Қизилқум” бош мураббийи Никола Лазаревич аввало таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Бевосита ўйинга тўхталсам, биз доимгидек бу баҳсга ҳам яхши тайёргарлик кўрдик. Бироқ рақиб ҳам кучли қаршилик кўрсатганини айтишим керак. Футболчиларимиз ушбу учрашувда яратилган имкониятлардан самарали фойдалана олишди. Бу эса бизга ниҳоятда фойдали бўлди, айниқса, биринчи бўлимда. Фикримча, биринчи таймни аъло даражада ўтказдик. Иккинчи бўлимни хотиржамроқ ўтказишга ҳаракат қилдик. Тўпни кўпроқ ўзимизда сақлашга уриндик. Чунки натижа кўнгилдагидек бўлиб турганди. Якунда ўзимиз учун қониқарли натижага эриша олдик. Яна шуни ҳам айтишим керакки, тартиб-интизом масаласида ҳам барчаси яхши бўлди. Йигитларнинг ҳаммаси ўз ишига ва ўйинга жиддий муносабатда бўлдилар. Лекин “Динамо” билан учрашув осон бўлмаслигини ўзимиз ҳам билардик. Чунки “Динамо”нинг ютқазадиган нарсаси йўқ эди. Уларни фақат ғалабагина қониқтирарди. Умуман олганда, ўйиндан қониқдим. Ғалаба қозонганимиздан ва футболчиларнинг имкониятлардан фойдаланганидан хурсандман. Умид қиламанки, биз яна шундай давом этамиз. Олдимизга қўйилган вазифамиз ҳам шундан иборат.

никола1

Албатта, “Динамо” клубидаги вазият оғир. “Қизилқум” билан ўйинда кўпчилик мезбонларнинг ғалабасини тахмин қилганди ва бу ўзини оқлади. Гарчи “Динамо”да таркиб ва бош мураббий ўзгарган бўлса-да, ҳозирча натижа бўлаётгани йўқ. Хўш, бу клуб ҳозирда Суперламизнинг яққол кучсиз жамоасими? Бу борада Лазаревич шундай деди:

- Биласизми, биринчи даврадагидан кўра фарқи бор. Иккинчи даврада жамоа умуман бошқача кайфиятда ўйнаяпти. Яъни, ўзгача шакллантирилган. Улар сафини яхши футболчилар билан тўлдиришган. Янги жамоа шакллантирилаётганида албатта янги ўйинчиларга вақт керак бўлади. Чемпионат якунланишига яна 10 тур бор. Бу ёғи қандай кечишини яна кўрамиз. Иккинчи давра учун таклиф қилинган футболчиларнинг савияси анча юқори. Бунга яна ўйинлар давомида аниқлик киритиб оламиз.

“Қизилқум” клуби навбатдаги ўйинини Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал доирасида ўз майдонида “Қўқон-1912”га қарши ўтказади. Қизиқ, навоийликларнинг Кубокдаги асл мақсади қандай? Масалан, бу жамоанинг Кубокни ютишига салоҳияти қанчалик етарли? Никола Лазаревичдан шу хусусида сўраганимизда унинг жавоби қуйидагича бўлди:

никола2

- Йўқ, биз ҳали бу ҳақида ўйламаяпмиз. Аввал айтганимдек, ҳозирча натижалардан мамнунман. Биз фақат кейинги баҳс – “Қўқон-1912”га қарши ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Бор кучимиз билан ўйнашга ҳаракат қиламиз. Боя айтдим, ҳозирча Кубок ҳақида жиддий ўйламаяпмиз. Лекин имкони қадар узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз. Финал бўладими ёки ярим финалми, бунга эътибор бермаймиз. Биз фақат ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга интиламиз. Шунчаки, ўзимизнинг ўтказаётган ҳар битта учрашувимизда ютишни истаймиз.

“Қизилқум”нинг ғалабаларида айниқса ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқовнинг ҳиссаси катта. Чунки тўпурар футболчи 10 та голи билан Суперлигада энг кўп гол урган ўйинчи бўлиб турибди. “Қизилқум” устози ушбу футболчининг имкониятлари тўғрисида ҳам фикр билдирди.  

- Темурхўжа Абдухолиқов жуда тажрибали футболчи. У ўзбек футболининг энг яхши ҳужумчиларидан бири. Унинг чемпионатда шу кунгача урган 10 та голига келадиган бўлсак, бунга у тўла муносиб. Чунки Темурхўжа ҳар бир машғулотда тиним билмасдан меҳнат қиляпти, қаттиқ тер тўкяпти. Ўйинларда борини беряпти. Абдухолиқовни фақат ўзини ўйлайдиган, бор эътиборини гол уришга қаратадиган футболчи деб ўйламайман. У ҳам жамоага қолган ўйинчилар сингари фойда келтиришга ҳаракат қиляпти. Албатта, индивидуал совринлар яхши. Лекин биз учун биринчи навбатда жамоавий совринлар туради. Бир нечта индивидиуал совринларни биргина жамоавий совринга умуман алмаштирмаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!