Биринчи дубулғасига эга бўлган Тим, ҳакамни жароҳатлаган Жокович, революцияга қодир Осака – “US Open-2020” якунлари

“Катта дубулға” туркумига кирувчи 4 турнирдан бири - “US Open-2020” бир неча сенсацион натижалар ва шиддатли учрашувларни туҳфа этди. 31 августдан 13 сентябргача дунё теннис ихлосмандларини ўзига қарата олган ушбу мусобақанинг эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида австриялик Доминик Тим зафар қучди. Аёллар баҳсида Наоми Осака ғалаба қозонди. Шунингдек, Мате Павич ва Бруно Соарес эркаклар ўртасида, Лаура Зигемунд ва Вера Звонарёва аёлларнинг жуфтлик баҳсларида ғолиб бўлди.
Биз “US Open” чемпионлари ҳақида сўз юритамиз.

us open1
Доминик Тим.
Мусобақа олдидан иккинчи тартиб рақам остида сараланган Доминик Тим якунда ўз фаолияти давомида илк бор “Катта дубулға” турнирида ғалаба қозонди. Мусобақа мобайнида жами 7 та ўйин ўтказган австриялик теннисчи дастлабки икки учрашувда испаниялик Хауме Муньяр ва ҳиндистонлик Сумит Нагални осон енгди. Кейинги рақибларидан фақат Марин Чилич унга бироз муаммо туғдирди. Хорватлиялик теннисчи финалга қадар Тимдан гэйм олишни уддалаган ягона ракетка устаси бўлди. Финалгача қийинчиликсиз етиб келган Доминикни ҳал қилувчи баҳсда сюрприз кутиб турар эди. Жокович нимчорак финалда дисквалификацияга учраганидан кейин асосий фаворит мақомида кўрилаётган Александр Зверев - Доминик Тим учрашуви ўйин олдидан катта мунозараларга сабаб бўлди. Айтиш мумкинки, финал ўз даражасига мос равишда кечди. Ўша машҳур “Артур Эш” ўйингоҳи ва ҳар галгидек супер беллашув!
Дастлабки, 2 сетни ўз фойдасига ҳал қилган Зверев учрашув якунида ютқазишини хаёлига ҳам келтирмагани аниқ. Аммо ортиқча ишонч уни хотиржамликка берилишига сабаб бўлди. Шу тариқа, учинчи сетни бой берган Саша ўзига кела олмади ва кейинги сетни ҳам ютқазди. Тай-брекка қадар давом этган финал ўйинининг ҳал қилувчи сетида устунликни ўз томонига оғдираётган Тим камбэкни амалга оширди. Якуний ҳисоб: 2-6, 4-6, 6-4, 6-3, 7-6 (8-6)

us open thiem
Наоми Осака.
Қитъадошимиз учун ҳар йили камида битта “Катта дубулға” турнирини ютиш одатга айланди. Жаҳон тасниф жадвалида 3-ўринда жойлашган япон ракетка устасига финалгача жиддий рақиб учрамади. Йўлидан чиққан теннисчиларни хотиржамлик билан ортда қолдирган Осака таниқли теннисчи Виктория Азаренко билан бўлган финал баҳсида бироз қийналди. Биринчи сетни Беларусь теннисчисига бой берган Наоми кейингилари учун ўзида ирода топа олди. Ўзининг ҳужумкор ўйини билан минглаб мухлис орттиришда давом этаётган 22 ёшли спортчи учун бу учинчи “Катта дубулға” соврини бўлди. Бунгача япон қизи 2018 йилда “US Open”, кейинги йили Австралия очиқ чемпионатида зафар қучганди. Бу йил Америка очиқ чемпионатидаги совринларини иккитага етказган кунчиқар юрт вакиласи теннис оламида катта революция амалга оширмоқда. Ҳар ҳолда, Виктория Азаренко, Серена Уильямс, Симона Халеп каби теннис олами дарғаларини мағлуб этишни бошлаган япон ракетка устасининг натижалари тасодиф эмас.

osaka
Мате Павич ва Бруно Соарес.
Ушбу теннисчиларнинг иккиси ҳам яккалик баҳсларида ўзини деярли кўрсата олмаган. Ҳар икки спортчи ҳам 200-ўриндан пастда юради. Ҳеч қачон, ҳеч қандай соврин ютмаган. Бироқ, улар жуфтликда рейтингнинг энг юқори поғонасини забт эта олган. Мунтазам равишда жуфтликда “Катта дубулға” турнирларини ютиб келадиган ушбу теннисчилар бу сафар ҳам рақибларига имконият қолдирмади. Финалда Уэсли Колҳоф ҳамда Никола Мектичдан устун келган қаҳрамонларимиз дастлабки икки сетда қаршиликни ҳис қилгандек бўлса-да, ҳисобда олдинда борди – 7:5, 7:5. Ҳал қилувчи учинчи сетда рақиб осон енгилди – 6:3.

doubles

Лаура Зигемунд ва Вера Звонарёва.
Бу жуфтликда Зигемунд ўзининг “Катта дубулға” туркумидаги дастлабки титулини ютган бўлса, Звонарёва учинчи марта бундай номга лойиқ бўлди. Рақибалар эса илк бор финалга чиққан эди. Ҳал қилувчи баҳсда Зигемунд ҳамда Звонарёва жуфтлиги Николь Мелихар ва Сюй Ифань тандемини хотиржам мағлуб этди. Ҳар икки сетда ҳам 6-4 ҳисоби қайд этилди.
Зигемунд германиялик теннисчи қизлар ўртасида 32 йил ичида биринчи марта “Катта дубулға” ғолибасига айланди. Ундан аввал бу натижани 1988 йили Штеффи Граф уддалаган.

Zvonareva-Siegemund-win-US-Open-womens-doubles-title-1280x720

Бир неча кунлардан сўнг яна бир “Катта дубулға” турнири - Франция кортлари мезбонлигидаги “Roland Garros” бошланади. Кейинги мусобақаларда ҳам унутилмас баҳсларни кутиб қоламиз ва уларни сиз азиз мухлислар учун ёритишда давом этамиз.

Жавоҳир Азимов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!