Бирорта ҳам жангда ғалаба қозонмаган спортчи Олимпия ўйинлари совриндори бўлганини эшитганмисиз?

2008 йил Пекинда ўтган ёзги олимпия ўйинларининг таэквондо баҳсларида қизиқ воқеа рўй берган.

+80 кг вазн тоифасида қозоғистонлик Арман Чилманов илк босқичда грециялик Александрос Николаидисга қарши даянга чиқиб, 3:4 ҳисобида ютқазган. Кейинчалик грециялик спортчи финалга чиққани боис қозоғистонлик таэквондочида бронза медали учун курашиш имконияти сақланиб қолади.

Илк баҳсда Чилманов марокашлик Абдулқодир Зрурига қарши жанг қилиши керак эди. Африкалик таэквондочи жароҳат олгани боис даянга чиқмайди ва Чилманов жангсиз кейинги босқичга йўл олади.

Бронза медали учун баҳсда қозоғистонлик таэквондочи кубалик Анхель Матос билан тўқнаш келади. 3-раунд охирида Матос 3:2 ҳисобида олдинда эди, шу вақтда ҳужумга ўтган кубалик спортчи жароҳат олади.

Матоснинг бармоғи синган ва қоидага кўра, ҳакам 1 дақиқалик тиббий ёрдам кўрсатиш учун имконият беради.

Кубалик таэквондочи 60 сония ичида жароҳатини боғлаб, даянга чиқишга улгурмайди ва ҳакамлар унга техник мағлубият ёзишади. Бунга чидай олмаган Анхель Матос швециялик ҳакам Чақир Челбат билан баҳслашади ва унинг юзига оёғи билан зарба беради. Шу воқеадан сўнг, Анхель Матос бутун умрга таэквондодан четлатилган.

Натижада, Арман Чилманов Пекиндаги Олимпиадада битта баҳсда мағлуб бўлган, битта жангда рақиби жароҳат олгани боис муддатдан аввал ғолиб чиққан, сўнгги баҳсда рақиби дисквалификация қилингани сабабли якунда бронза медалига эга чиққан.

Шунақа, спортда омад ҳам жуда катта аҳамият касб этади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!