Бобир Абдихолиқов

Аввалроқ, Украинанинг "Рух" жамоаси ҳужумчи Бобир Абдихолиқов трансферини эълон қилгани ҳақида ёзгандик. Ҳужумчи "Инстаграм" саҳифаси орқали "Насаф"га миннатдорчилик билдирди ва қайғули тарзда мухлислар билан хайрлашди.

"Қадрли "Насаф" клуби мухлислари!
Дастлаб Сизларга катта раҳмат айтмоқчиман! "Насаф"да бахтли эдим, ғалабада ҳам, мағлубиятда ҳам бирга бўлдингиз. Ҳар дақиқа Сизларнинг қўллаб-қувватлашларингизни ҳис этиб турдим. Жамоани шундай тарзда қўллашда давом этишингизни сўраб қолардим. Зеро "Насаф" Сизлар учун ўйнайди!

Фурсатдан фойдаланиб "Насаф"даги барчага, раҳбариятдан тортиб қоровулгача, клубдаги барча ходимларга, мухлисларга катта раҳмат айтаман! Ўз навбатида Рўзиқул Саъдуллаевич Бердиевга алоҳида миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳар бир ўйинда бош мураббийнинг ишончини оқлаш учун майдонга тушдим ва клуб учун боримни бердим. Ўз голларим билан жамоа ғалабаларига оз бўлса ҳам ҳисса қўшганимдан фахрланаман. "Насаф"даги фаолиятим якунланди, сабаби профессионал фаолиятимда олдинга интилиш вақти етиб келди. Барча футболчилар сингари мен ҳам ўзимни легионер сифатида синаб кўришни хоҳладим.

Фаолиятимни Украинанинг "Рух" клубида давом эттиришга қарор қилдим. Тўғри олдимда Осиёнинг бир қатор клубларидан таклифлар бор эди. Аммо профессионал футболчи сифатида янада ўсиш учун Европа футболида ўйнашни тўғри деб билдим. Бундан ташқари Лвов шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Рух" клуби фалсафаси бўйича "Насаф"га ўхшаш экан. Яъни ўсиб келаётган ёш футболчиларга эътибор катта экан. Украина чемпионатида ўйнаган ўзбекистонлик футболчиларнинг давомчиси сифатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга, майдонда охирги кучим қолгунча ўйнашга ваъда бераман.

Шуни унутмангки, мен доим "Насаф" мухлиси бўлиб қоламан", - дея ёзиб қолдирди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
SHAXBOZ BEKMURODOV
20/02/2021 21:51
Otanga raxmat pele, omadingni bersin. Bundanam yuqori marralarni egallab yur. Nasafga qilgan xizmating uchun senga raxmat.